09:52 / 15.08.2021
8379

2021 йилда Самарқанд шаҳрининг еттита ҳудудида «снос» ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

2021 йилда Самарқанд шаҳрининг еттита ҳудудида «снос» ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида кўплаб қурилишлар режалаштирилган. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати шаҳарнинг қайси ҳудудларида «снос» ишлари олиб борилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди.

Жумладан:

1. Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасида жойлашган давлат хизматлари агентлигига ёндош ҳудудда автотураргоҳ ташкил этиш мақсадида Иброҳимов ва Чўлпон кўчаларидаги еттита объект бузилади. Дастлабки ўрганишларда бузиладиган бинолар учун бозор нархида тахминан 5 миллиард сўмга яқин маблағ керак бўлиши аниқланган.

2. Самарқанд шаҳридаги темир йўл орти (халқ тилида «За линия») ҳудудидаги маҳаллаларда 2 856 та хонадон ва 41 та нотурар объект бузилади. Ҳозирда тегишли идоралар томонидан уларнинг хатлови ўтказилмоқда.

3. Ширин маҳалласида умумий ҳисобда 2 700 та объект бузилиши режалаштирилган. Бугунги кунгача 297 та объект эгалари билан келишувга эришилган ва розилик хати олинган. Шундан 119 нафар шахсга 15 миллиард 620 миллион сўм товон пули тўлаб берилган. Ҳозирда бошқа мулкдорлар билан музокаралар ўтказилмоқда.

4. Ғиёсиддин Жамшид ва Ибн Сино кўчаларини кенгайтириш учун 20 та объектнинг бузилиши режалаштирилган. Дастлабки ўрганишларда мазкур объектларнинг тахминий бозор баҳоси 12,5 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлган.

5. Садриддин Айний кўчасини замонавий қилиб қайта таъмирлаш ва кенгайтириш учун битта иссиқхона бузилиши белгиланган. Ҳозирда мазкур масала Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

6. Усто Умар Жўрақулов кўчасини кенгайтириш учун 11 та уй-жой ва битта автобекат бузилиши белгиланган. Ҳозирда 11 нафар шахсга товон пули тўлиқ тўлаб берилган. Автобекат эгаси бозор қийматидан ошиқ пул сўрагани учун мазкур масала Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқиб чиқилмоқда.

7. Рудакий кўчасини кенгайтириш учун битта автобекат бузилиши белгиланган. Мазкур автобекат масаласи ҳам Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган. Шу сабабли бугунги кунда Самарқандда кўплаб қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Top