Самарқанд шаҳрида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу даргоҳ ёнидан ўтиб кетарканмиз, “Нурли маскан” деган ёзувга кўзимиз тушади. Шундай пайтда очиғи ичкаридаги ҳаёт, муҳит кўпчиликни қизиқтиради.

Самарқанд шаҳрида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу даргоҳ ёнидан ўтиб кетарканмиз, “Нурли маскан” деган ёзувга кўзимиз тушади. Шундай пайтда очиғи ичкаридаги ҳаёт, муҳит кўпчиликни қизиқтиради.

Биз мазкур нурли масканда бўлиб, кўзи ожиз болаларнинг қандай таълим-тарбия олаётгани, уларнинг салоҳияти, қобилияти билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Ўз навбатида мазкур соҳанинг ютуқ ва камчиликлари билан ҳам яқиндан танишдик.

Ушбу даргоҳ 1961 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда 250 га яқин ўқувчи-ёшлар таҳсил олмоқда. 25 та фан, спорт ва маданий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Мактаб директори Абдуҳалим Мелиевнинг айтишича, “Нурли маскан”га ўқувчилар олти-етти ёшдан қабул қилинади. Ўқитувчиларнинг қарийб тўқсон фоизи кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи устоз-мураббийлардир. Муассаса раҳбари бу ҳолатни ўқувчилар қатлами ҳам худди шундай хасталик билан курашиб келаётгани учун улар ўзаро яхши тил топишиши билан изоҳлади.

– Мен кўп йиллар давомида турли таълим муассасаларида ишладим, икки туманда халқ таълими бўлимларини бошқардим. Бироқ ушбу даргоҳга келиб, бу тоифа инсонлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигимни англаб етдим. Уларни англаш, тушунишга кўп вақт ажратдим. Хулосам шу бўлдики, кўзи ожиз инсонларнинг кўнгли жуда нозик. Ҳис-туйғулари, сезгилари ҳам шунга монанд. Биздан бир неча баробар эшитиш, эслаб қолиш, сезиш қобилияти кучли бўларкан. Бу афзалликлар билан улар ҳам жамиятда соғлом одамлар қатори ўз ўрниларини топишларига ёрдам беради. Уларнинг кўпи биздан одатда моддий ёрдам кутади, деб ўйлаймиз. Йўқ, улар қулайлик исташади, холос. Биз учун кўча-кўйда ҳаракатланиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, ўрганиб кетганмиз. Бироқ улар ҳам сайр қилишни, шаҳар айланишни исташади. Афсуски, бу борада биз анчагина орқадамиз. Шаҳарсозликда, жамоат жойларда мана шундай инсонларнинг ҳам ҳаракатланишини ҳисобга олиб қулайлик яратсак фойдадан холи бўлмайди, – дейди Абдуҳалим Мелиев.