17:48 / 16.08.2021
21800

Хайр, «қорабозор» — салом, банк! Сўнгги йилларда валюта бозоридаги ўзгаришлар

Ўзбекистонда 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида чекланган валюта конвертацияси мавжуд эди. Бунинг натижасида юзага келган бўшлиқни катта коррупция ва яширин иқтисодиёт вакиллари ўзларининг турли ниқоб остидаги мақсадлари билан тўлдириб келишди. Хўш, сўнгги йилларда бу борада қандай ўзгаришлар қилинди? Қайси муаммолар эса ҳали ҳам тўлалигича ҳал қилинмай қоляпти?

Фото: KUN.UZ /Муҳаммаджон Ғаниев

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан 2017 йилга қадар амалда мавжуд бўлган миллий валютани конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар туфайли Ўзбекистон халқаро савдо учун ёпиқ мамлакатга айланиб қолганди. Импорт ва экспорт амалиётида  кўп тўсиқлар мавжуд эди. 

Шунингдек, бозорларда ва аҳоли гавжум жойларда валютафурушларнинг катта гуруҳларини республиканинг исталган жойида учратиш мумкин эди.

Мамлакатга товар олиб киришнинг турли «қора» ва «соя» схемалари ушбу маҳсулотларга хорижда тўловни амалга ошириш учун нақд долларга жуда катта эҳтиёж сезади. Натижада узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда «қорабозор» шаклланди ва йил сайин ривожлана борди.

2017 йилнинг 2 сентябрида имзоланган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони натижасида бу борада бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди.

Ушбу фармонга қадар Ўзбекистонда қисман (чекланган) конвертация мавжуд бўлган. Хорижий валютани харид қилиш жисмоний шахслар учун алоҳида тартибга кўра (2 минг АҚШ доллари туристик мақсадларда ва ундан ортиқ даволаниш ҳамда ўқиш харажатлари халқаро пластик картага ўтказиб берилган) ва юридик шахслар учун алоҳида тартибга кўра, (биржага бериладиган талабномага асосан навбатма-навбат банкларнинг мавжуд имкониятига кўра, давлат курсида конвертация қилиб берилган. Бироқ ушбу навбатларнинг айримлари 1 ойдан 1 йилгача, айрим ҳолларда бир неча йилгача навбат кутиш ҳолатлари кузатилган) амалга оширилган. Хорижий валютани миллий валютага давлат курсида алмаштиришга эса ҳеч қандай чекловлар бўлмаган.

Мазкур ҳужжатга асосан фуқаролар тижорат банкларидан давлат курси бўйича хорижий валюталарни сотиш ва харид қилиш имкониятига эга бўлишди. Эркин конвертация жорий этилишидан кўзланган мақсадлардан бири эса валюталарни ноқонуний айирбошлаш ҳолатларига барҳам бериш эди.

Хўш, ўтган 4 йил ичида бу борада қандай ўзгаришлар қилинди. Қайси муаммолар эса ҳали ҳам тўлалигича ҳал қилинмай қолмоқда?

2017 йил

Ички валюта бозори эркинлаштирилди:

  • валюта курсини талаб ва таклифга асосан белгилаш жорий этилди;
  • экспортдан тушган валюта тушумини мажбурий сотиш тартиби бекор қилинди;
  • резидентларга жорий операциялар учун чет эл валютасини чекловларсиз сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқи берилди;
  • республика ҳудудида товар ва хизматлар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланди.

2018 йил

  • халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани нақд шаклда ечиб олиш жорий этилди;
  • 24/7 режимида ишловчи банк хизматлари марказлари ва автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилди.

2019 йил

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди:

  • юридик шахсларга чет элда ҳисобрақам очиш учун рухсатномалар бериш амалиёти бекор қилинди;
  • жисмоний шахслар учун носавдо валюта операциялари бўйича мақбул сумма миқдори 100 млн сўм этиб белгиланди;
  • 2019 йил августдан жисмоний шахслар учун валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюта сотуви жорий этилди.

2020 йил

  • жисмоний шахслар томонидан нақд валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш меъёри икки баравар оширилиб, 100 млн сўм миқдорида белгиланди;
  • экспортдан валюта тушумлари келиб тушишини таъминлаш муддати юзасидан белгиланган талаб 120 кундан 180 кунга узайтирилди;
  • республикада жами автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари сони 1 272тага етказилди.

Бир қарашда, валюта бозори либераллаштирилганидан кейин, валютафурушлар кескин камайиб кетганига гувоҳ бўлдик. Ахир, банклар валютанинг бозор курсини таклиф қилиб турганда, ўзини хатарга қўйиб ноқонуний «валютчик»ка мурожаат қилиш кимга керак?

Аммо «легаллашмаган валютафурушлар» сақланиб қолаётгани ҳам кўпчиликка сир эмас. Хўш, нима сабабдан «қорабозор»ни тўлиқ тугатишнинг имконияти бўлмаяпти?

Биринчидан, ноқонуний пул айланмаси иштирокчилари орасида «қорабозор»га эҳтиёж ўша-ўша. «Қорабозор» мавжудлигининг асосий манфаатдор кишилари ҳам яширин иқтисодиётда фаолият юритувчилардир. Уларнинг асосий мақсади, амалда бўлаётган пул айланмаларини банкдан ташқари амалга ошириш ва натижада солиқдан қочиш ҳамда айрим ноқонуний битимларини амалга ошириш имкони. Барча коррупция ва фирибгарлик жиноятлари ҳам айнан мана шу ерда амалга оширилиши мумкин. Сабаби ушбу йўналиш вакиллари ўзлари ҳақидаги маълумотни барчадан сир сақлаш ва кўзга кўринмаслик учун ҳам нақд кўринишда назоратсиз ишлашни маъқул кўришади.

Иккинчидан, банк шохобчалари етарли эмас. Бу борада йил сайин ижобий ўзгаришлар бўлаётганига қарамай, ҳали аҳоли эҳтиёжлари тўлиқ қаноатлантирилганича йўқ. Шанба-якшанба кунлари кўпчилик валюта айирбошлашда муаммоларга душ келаётганини айтишади.

Учинчидан эса банклар ҳамон давлат бошқарувида қоляпти, натижада мижозларга хизмат кўрсатиш сифати жуда юқори эмас.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, сўнгги 5 йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти эркинлаштирилди. Дастлабки даврларда «энди сўмнинг хорижий валютага нисбатан курси қандай белгиланиши» борасида хавотирлар бор эди. Бугунги кунда Марказий банк Республика валюта биржасидаги савдо сессияларидан келиб чиқиб, хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курсларини ҳар банк иш куни соат 16:00да расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб бормоқда. Тижорат банклари кассаларида конвертация операцияларини амалга ошириш учун етарли миқдорда нақд хорижий валюталар мавжуд ҳамда сотиш ва уларни сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар ўрнатилмаган.

Достон Аҳроров

Top