«Афғонларнинг ўзи урушишни хоҳламаяпти-ку, нега биз урушайлик?» – Байден баёнот берди
АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги вазият, «Толибон» мамлакатни қўлга олгани ва бунга омил бўлган ҳолат – АҚШ армияси Афғонистондан чиқиб кетиши бўйича илк марта баёнот берди. Байден қисқа муддатли таътилини муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлди ва Оқ уйда ОАВ қаршисида нутқ сўзлади.
«Биз 20 йил аввал Афғонистонга 11 сентябр воқеаларида айбдор бўлган «Ал Қоида»ни йўқ қилишга, улар ортиқ Афғонистондан ўз ҳарбий базаси сифатида фойдалана олмаслиги ва АҚШ ҳудудида терактлар қила олмаслигига эришиш учун киргандик. Биз миссияни уддаладик. Ҳеч қачон Афғонистонга давлат қуриб бериш ҳақида ваъда бермаганмиз.
Армияни олиб чиқиш қароридан заррача ҳам афсусланмайман. Муддао шуки, америкалик аскарлар бегоналар учун урушда қатнашмаслиги ва ўлмаслиги керак. Ахир афғонларнинг ўзлари ўз мамлакатлари учун урушмаяпти-ку, нега биз урушайлик? Биз шундоғам уларга керагидан кўп нарса бердик.
Биз Афғонистонга кўмак учун триллион доллар сарфладик, тасаввур қиляпсизми? Уларнинг армиясини моддий техник база билан таъминладик, ҳаво кучларини кучайтириб бердик, лекин «Толибон» ҳаво кучларига эга бўлмай туриб мамлакатни олди. Ваҳоланки, ҳарбий куч борасида 2001 йилдаги «Толибон» кучлироқ эди. Кечирасиз, биз келажак учун курашиш туйғусини афғонларга тақдим эта олмаймиз.
Афғонларнинг ўзида «Толибон»га қарши туриш учун хоҳиш ва имкон йўқ экан Америка уларнинг заминида беш, ўн ва яна йигирма йил қолишидан ҳам мантиқ йўқ. Бегона мамлакатни америкалик аскарлар ёрдамида қайта қуриш мантиқсизликдир. Бу можарода қатнашиш бизнинг қизиқиш доирамизда эмас. Бу бизнинг хавфсизлик масаламиз ҳам эмас. Россия ва Хитой каби рақобатчиларимизга қолса, биз Афғонистонда бутун умр қолиб, миллиардлаб доллар пулларни сарфлайверсак.
Афғонистондан чиқиб кетиш учун қулай фурсатни кутишдан фойда йўқ. 20 йил давомида кўрдимки, бундай фурсат ҳеч қачон келмайди. Мен Афғонистон масаласида жуда кўп ишладим, Қандаҳорда, Кобулда бўлдим. Одамлар, аскарлар билан учрашдим. Вазиятдан хабарим бор.
Афғон ҳукумати «Толибон» билан музокаралар олиб бориши керак эди. Аммо жаноб Ғани бундай қилмади ва афғон аскарлари курашишини айтди. Кўриб турганингиздек, бундай бўлиб чиқмади. Ҳа, биз америкалик аскарлар чиқиб кетганидан кейин афғон ҳукумати вазиятни бой беришини кутгандик, лекин бунчалик тез эмас. Шундай бўлса-да, кетиш қарори тўғри бўлди деб ҳисоблайман.
Ҳа, Афғонистонда бўлаётган воқеалар менга ёқмаяпти, лекин қабул қилган қароримда собитман. Бизнинг қиладиган охирги ишимиз – у ерда қолган америкаликларни қайтариб олиб келиш. Эвакуцияни амалга ошириб бўлишимиз билан уруш тугайди. Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун одамларга яна озроқ вақт керак, деб айтмоқчи эмасман.
Биз Афғонистонга гуманитар ёрдам беришда давом этамиз. Муносабатларни дипломатик кўринишда олиб борамиз. У ердаги аёллар, қизлар ҳуқуқи таъминланиши кераклиги ҳақида гапиришдан тўхтамаймиз. Афғонистон борасида ташқи сиёсатимиз инсон ҳуқуқларига урғу берган ҳолатда қурилиши керак, ҳарбий аралашувга эмас.
Келажакдаги афғон ҳукумати билан муносабатларимиз уларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Ҳозирги ҳолатда бу «Толибон» ўзини қандай тутишига боғлиқ. Агар улар бирламчи инсон ҳуқуқларини, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашса, бундай ҳукумат билан ишлай оламиз.
Мен – АҚШнинг 46-президенти Афғонистон муаммосини ўзимдан кейин келадиган президентга мерос қолдирмоқчи эмасман», деди АҚШ президенти.
Байден брифингга белгиланганидан кечроқ келди. У нутқи давомида тайёрлаб келган қоғозига кам қаради ва асосан ҳиссиёт билан ўзи гапирди. Нутқи якунида эса қўлидаги папка билан минбарга уриб қўйди. Байден журналистларнинг саволларига жавоб бермай зални тарк этди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
08:31 / 08.11.2024
Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди
01:11 / 07.11.2024