22:10 / 21.08.2021
30093

Кўп миллионли аҳолига эга Олмаота қандай қилиб қулай шаҳар бўла олиши мумкин?

Фото: pixabay.com

Forbes.kz нашри Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотанинг демографик ўсиши ва унинг оқибатлари ҳақида материал тайёрлади. Унда кўтарилган масалалар биздаги йирик шаҳарларга ҳам оид бўлиши мумкин – икки давлат шаҳарлари орасида ўхшашлик бор.

Мутахассислар Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри муаммолари ва уларнинг ечимларини санади.

2021 йилнинг июлида Олмаота шаҳри аҳолиси расман 2 миллиондан ошди (солиштириш учун Тошкентнинг доимий аҳолиси 2019 йилда 2 миллион 510 минг кишини ташкил этган. Маълумот икки йилдан бери янгиланмаган. Изоҳ таҳририятники). Бу расмий рақам холос. Зеро, 2019 йилнинг октябрида Олмаота шаҳар ҳокими Бокаитжон Сагинтаев атрофларни қўшиб ҳисоблаганда шаҳар аҳолиси 3 миллионга яқинлашгани, 2030 йилга бориб 5 миллионга етишини айтганди.

“Дунёнинг бошқа мегаполислари каби, бизнинг олдимизда ҳам юқори яшаш стандартлари учун ресурс танқислиги, экологияни яхшилаш ва хавфсизликни ошириш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфратузилмани ривожлантириш каби масалалар пайдо бўлади”, деганди у.

Жадаллик билан ривожланаётган мегаполиснинг айнан қайси муаммоларини биринчи навбатда ҳал қилиш даркор? Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мутахассисларининг фикрича, булар жамоат транспорти ва турар жой бозори. Жамоат транспорти муаммоси туфайли шаҳар ташқарисида яшайдиган аҳоли шахсий автомобилларга боғланиб қолишга мажбур ҳамда тиқинларга сабаб бўлади ва “шаҳар марказининг самарадорлигига путур етказади”. Турар жой масаласига эса, гарчи турар жой фонди яхши кўрсаткичларга эга бўлса-да, сон ва сифат етишмайди. ИҲТТ тадқиқотларига кўра, Қозоғистондаги турар жойларнинг 97 фоизи ижарага берилмайди, ваҳоланки, Евроиттифоқда турар жойларнинг учдан бири ижарага берилади.

“Уй-жой мавзуси”нинг нақадар долзарблигини олмаоталик Аяла Жамбил воқеаси ҳам кўрсатиб беради. У полиция патрули оиласида олтинчи қиз. “Оиламиз ўғил ва шахсий квартира орзусида. Ҳозирда ушбу катта оила навбатнинг 2050-ўрнида ва ота-онамиз билан истиқомат қиламиз”, деб ҳикоя қилишади Аяланинг ота-онаси.

ИҲТТ мутахассислари аҳолининг шаҳарларга кўчиб ўтишига амин ва бу ҳатто олқишланади: Қозоғистон 2050 йилга бориб жаҳоннинг энг ривожланган 30 мамлакати қаторига кириши учун урбанизация даражасини 70 фоизга ошириши керак. Ҳозирда мамлакатда қишлоқ аҳолиси 60 фоизни ташкил қилади. Бироқ президент Қосим-Жўмарт Тўқаев миграция назорат остида бўлиши шартлигини айтган: “Шаҳарлардаги аҳолининг кўпайиши етарлича назорат йўқлиги фонида содир бўлиши ижтимоий инфратузилмага юклама ошишига олиб келади – аввало тиббиёт ва таълимга. Бу муҳим масала. Биз ички миграция жараёнларини қаттиқ назорат қилмоғимиз даркор. Буёғига бундай давом этиши мумкинмас. Ўз нутқимда айтганим каби, шаҳарларимиздаги аҳолининг кўп бўлиши фахрланишга арзийдиган эмас, ҳал қилиниши керак бўлган масала”.

Иқтидорлар учун курашиш

Сиёсий фанлар номзоди, Urban Forum Kazakhstan жамоатчилик жамғармаси ҳаммуассиси Адил Нурмаков ҳам ўз ечимларини берган.

- Ўз-ўзидан демографик ўсиш устунлик бермайди (дарвоқе, 2 миллион бу пасайтириб кўрсатилган рақам). Асосийси, аҳолининг сони эмас, балки инсоний ва ижтимоий капитал. Илмий, ижодий потенциал, креатив саноатлар ва информацион технологиялар ҳали яхши ривожланмаган. Иқтисодиёт тузилмаси миграция сифатига ҳам мутаносиб тарзда таъсир кўрсатади: ким келяпти? Шаҳар кимларни жалб қилмоқда? Постиндустриал шаҳар бўла олиш учун, иқтидорлар учун кураша билиш жуда муҳим. Бу бирёқлама ҳаракат эмас: шаҳар ўз иқтисодини йўлга қўйган ва инсон капиталини жалб қилишни бошлади. Бу эса, тескари тарафга ҳам ишлайди: одамлар шаҳарда нималар қилишяпти ва шаҳар одамларга ўз муҳитларида нималар қилишга имкон беряпти. Мана шу жойда шаҳарликларнинг ўз яшаш жойлари борасида қарор қабул қилишлари яхши ривожланмаган ва бу шаҳарнинг барқарор тараққий этишига халал беради, дейди у.

Шаҳарни ривожлантириш бўйича муҳим қарорлар мустақил экспертлар, аҳоли, фаол шаҳарликлар жалб қилинмасдан ёпиқ тарзда қабул қилинмаслиги керак, акс ҳолда, бу бир неча муаммоларларни келтириб чиқаради, шу жумладан, шаҳарсозлик муаммоларини ҳам.

- Ҳозирда Олмаота экстенсив ва энига кенгайиб боряпти. Шаҳар чеккалари ҳам ўзлаштириляпти, лекин у ерларда “тортишиш нуқталари” йўқ. Бу ерларга ўрнашаётган одамлар шаҳарнинг қолган қисмидан амалда узилиб қолишган. Улар “тортишиш нуқталарига” етиб олишлари учун анча йўл босиб ўтишлари керак – хоҳ давлат хизматлари бўлсин, хоҳ дам олиш маскалари бўлсин. Бу эса уларнинг ижтимоий капиталига таъсир кўрсатмай қолмайди, зеро одамлар йўлга сарфлайдиган вақтларини ўз устида ишлашга, оилаларига ва ҳоказоларга сарфлаши мумкин.

Транспорт ҳар нарсанинг қон томири

Урбанист тилга олган иккинчи фактор – транспорт инфратузилмаси. Шу ерда у ИҲҲТ мутахассислари билан ҳамфикр.

Бизда шахсий автомобилга урғу берилиб, у учун қулай муҳит яратилди – чорраҳалар қурилди, йўллар кенгайтирилди. Бироқ кўриб турганимиздек, тиқинлар камайиб қолгани йўқ. Шаҳарда асосий каркас ва жон-томир транспорт – жамоат транспорти бўлиши керак. Бу каркаснинг асосий компоненти жамоат транспорти бўлиши даркор – у аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар ва “тортишиш нуқталари”ни боғлайди ҳамда йўловчиларни тез ва самарали ташиб беради. Бу тезюрар автобус, тезюрар трамвай ва метродир. Тезюрар автобуснинг биринчи навбати ишга туширилди, лекин лойиҳа давом эттирилмади. Тезюрар трамвай лойиҳаси эса, давлат экспертизаларидан ўтган ва сармоядорлар орасида илк раундлар бўлиб ўтган бўлса-да музлатиб қўйилди. Метро узоқ вақт қурилади ва кам юрадиган аҳоли учун қулай эмас – тушиш ва чиқиш учун кўп вақт олади ва энг асосийси метро станциялари боғланиши керак бўлган жойларда кам бўлади.  

Шу тариқа, ҳозирда “мамлакатнинг энг йирик шаҳри, ишбилармонлик маркази, савдо чорраҳаси бирорта ҳам тугалланган магистрал жамоат транспорти лойиҳасига эга эмас. Бу нонсенс ва аҳоли сони ўсиши билан алоқадор катта рискдир. Рисклар, албатта, кўп. Булар иқтисодий ҳам, экологик ҳам, энергетик ҳам. Мен қарор қабул қилишнинг инклюзивроқ механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган бўлардим. Барча босқичларда очиқликни таъминлаш керак – лойиҳалаш, қабул қилиш, амалга ошириш ва амалга оширишни баҳолаш; мутахассислар, фаол шаҳарликлар, илмий текшириш институтлари, маҳаллий ҳамжамиятларни – қабул қилинган бевосита дахл қиладиганларни жалб этиш керак”.

Шаҳарга нима етишмайди

- Одам қанча кўп бўлса, қоида бўйича, иқтисодий жиҳатдан шунча фойдали – иқтисод истеъмол устига барпо қилинади ва истеъмол қанча кўп бўлса, шунча яхши, дейди мустақил эксперт Аида Алжонова шаҳар аҳолиси икки миллионга етиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан. – Бироқ биз нафақат сон ҳақида, балки Олмаотанинг жинс бўйича ёшини ҳам ҳисобга олишимиз лозим: аҳолининг қанча қисми иқтисодий фаол, ким қанча истеъмол қилади, ким солиқ кўринишида бюджетга ҳисса қўшяпти ва солиқлар ижтимоий соҳани қанчалар қоплаяпти.

Аҳоли сонининг кескин ўсиши ҳудудлар кенгайиши ҳисобига, мутлақо режасиз бўлган, дея эслатади у. Ҳозир янги туманларга мактаб, тиббиёт муассасалари, ичимлик суви, яхши йўллар ва ҳоказолар етишмаяпти.

- Бу ҳудудларни шаҳар таркибига қўшишдан олдин тегишли инфратузилмани қуриш керак эди. Масалан, Науризбай ва Алатау туманларида мактаб етишмаяпти, майли, мактаб қурдик ҳам дейлик, шунча ўқитувчини қаердан оламиз? Моддий инфратузилмани яратиш инсон капиталини яратишдан анча енгил юмуш. Бизда демографик вазиятни баҳолай оладиганлар бармоқ билан санарли, лекин уларга маблағ ажратилаётгани йўқ. Ҳа, биз ҳамма йирик шаҳарларга кетаётганини биламиз, чунки у ерда иш жойлари бор. Лекин у қанақа иш жойлари? Иш ҳақи паст. Шунинг учун ҳам янги аҳоли шаҳар бюджетига наф келтирмайди. Уларга қилинаётган харажат эса, катта. Зеро, улар асосан давлатдан ёрдам олиб яшашади. Агар демографик вазиятни прогноз қилиш схемаси бўлганда эди, мутасаддилар, айтайлик, қанча мактаб қуришни билган бўлишарди ва шунинг атрофида ахборот ишларини юргизган бўлишарди: бу йил кўчиб келмоқчи бўлсангиз, фарзандингизга мактабда жой йўқ, яхшиси, етарлича мактаб қурилганда келинг, деб. Бунинг учун эса, бутун тизимни ўзгартириб чиқиш керак. 

Top