Ўзбекистон | 19:14 / 25.08.2021
18793
2 дақиқада ўқилади

Имтиёздан фойдаланиш учун Сўх тумани пропискасини олган абитуриентлар борлиги аниқланди

Фарғона вилоятининг Сўх туманида яшовчи абитуриентларга бакалавриат учун алоҳида грант ажратилган. Натижада бу туманда доимий яшамайдиган айрим абитуриентлар ҳам пропискасини шу туманга ўтказиб, мазкур имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган.

Сўх туманидаги “Сўғдиёна” стадиони / Архив фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Сўх туман ҳокими Давлат тест маркази директори номига ёзган хатнинг сурати тарқалди. Унда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр кундузги таълим йўналишида сўхликларга ажратилган грантлардан фойдаланиб қолиш мақсадида абитуриентлар пропискасини атайин Сўхга кўчираётгани ҳақида сўз боради.

2021/22 ўқув йили учун тасдиқланган қабул параметрларига кўра, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга грантлар ажратилган. Шу жумладан, 2021/22 ўқув йили учун Сўх тумани ёшларига ОТМдан соғлиқни сақлаш соҳасига 17 та ва халқ таълими соҳасига 36 та грант ажратилган. Бу квотадан фойдаланиб қолиш мақсадида Сўхда яшамайдиган абитуриентлар ҳам доимий ва вақтинча яшаш жойини Сўх туманига кўчирган, дейилган ҳокимнинг ДТМга ёзган хатида.

Таъкидланишича, бу йил кириш имтиҳонларида Сўх туманидан 1758 нафар абитуриент қатнашган. Сўх тумани раҳбари ўз хатида ДТМдан имтиёзларни бошқа туманлардан келганларга эмас, айнан Сўх тумани ёшларига беришни сўраган.

Kun.uz масала юзасидан ҳоким Саидбаҳром Саидмусаев билан боғланди. У юқоридаги мактуб ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Саидмусаев бошқа туманлик абитуриентлар имтиёздан фойдаланиш учун пропискасини Сўхга кўчиришга ҳақли эканини таъкидлар экан, имтиёз ҳақиқатан ҳам сўхлик ёшларга насиб этиши учун бирор чора кўриш кераклигини қайд этди. У абитуриент мазкур имтиёзни олиши учун охирги 5 йилда Сўхда яшаган бўлиши керак, деган талабни киритиш таклифини билдирди.

Туман раҳбари пропискасини атайин кўчирган абитуриентларнинг тахминий сони қанчалиги ҳақидаги саволга жавобан бу номаълум экани, бироқ “жуда ҳам кўп эмас”лигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бошқа соҳаларда бўлгани каби, таълим масканларига қабулда ҳам кўплаб имтиёзлар борлиги жамоатчилик танқидларига сабаб бўлиб келади.

Мавзуга оид