10:21 / 25.08.2021
3796

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини келишиш қисқа муддатларда якунланиши мумкин

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакалани қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Томонлар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда уларни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, Афғонистонда кузатилаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди. ЕИ махсус вакили Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга амалий ёрдам кўрсатишга содиқлигини тасдиқлади. У, шунингдек, Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан келишишнинг қисқа муддатларда якунланишига ишонч билдирди.

Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида ковиддан кейинги даврда Ўзбекистон ва ЕИга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан, «GSP+» преференциялар бош тизими имкониятларидан фойдаланиш орқали кўпайтириш ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни амалга оширишни белгилади.

Top