Ўзбекистон | 18:18 / 27.08.2021
7968
9 дақиқада ўқилади

Пахтасаноат илмий маркази илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлида

Мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида технологиялар тараққиёти бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда пахта тозалаш саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади, соҳага ресурс тежамкор техника ва технологияларни татбиқ этиш орқали пахтани қайта ишлаш корхоналари фаолиятининг самарадорлигини оширишга эришилмоқда.

Жорий йилда ўзининг 95 йиллик байрамини нишонлаётган “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ мазкур йўналишдаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи етакчи муассаса ҳисобланади. Унинг тарихи собиқ иттифоқ Бош пахта қўмитасининг 1926 йил 3 сентябрдаги қарори асосида бошланган. Мазкур қарорга биноан, Тошкент шаҳридаги 50-сонли захира заводи илмий муассаса вазифаларига эга бўлган Биринчи тажриба пахта тозалаш заводига айлантирилган.

Туркистонда 1917 йилгача мавжуд бўлган 296 та пахта тозалаш корхоналаридан қолганлари орасидан танлаб олинган тажриба заводида пахтани қайта ишлашнинг муаммоларини илк бор илмий ёндашувлар асосида ҳал этишга киришилган.

1936 йилда тажриба заводи “Пахта тозалаш саноатининг марказий илмий-тадқиқот институти” (“ЦНИИХпром”)га айлантирилган ва ушбу муассаса собиқ иттифоқнинг пахта етиштирувчи республикаларида пахтани дастлабки қайта ишлаш соҳасининг барча масалаларини мувофиқлаштирувчи илмий ташкилот сифатида узоқ йиллар давомида фаолият юритган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 23 февралда қабул қилинган “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3559-сонли қарори республика пахта саноатида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий замин яратди.

Мазкур қарорга асосан “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятига пахтани қайта ишлаш соҳасидаги ягона давлат илмий-техникавий сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, пахтани дастлабки қайта ишлаш доирасида илмий-техникавий ва инновацион фаолиятни амалга ошириш, тармоқ корхоналари фаолиятини регламентлаштирувчи меъёрий-техник, инструктив ва ташкилий-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ўқув жараёнлари орқали соҳадаги мутахассисларнинг малакасини ошириш, янги маҳаллий илмий, юқори унумли ва рақобатбардош технологик асбоб-ускуналарни, илмий изланишлардан то якунланган илмий-техник маҳсулотгача бўлган тўлиқ инновацион даврни яратиш ва пахта тозалаш корхоналарига жорий этиш доирасида илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Илмий марказ экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган ва Президентимизнинг ПҚ-3559 сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида пахтани дастлабки қайта ишлаш техникаси ва технологиясини 2018-2020 йиллар даврида ривожлантириш бўйича тадбирлар Дастури” доирасида ўтган йиллар давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Илмий изланишлар доирасида олимларимиз томонидан уруғлик чигит тайёрлаш, машинада терилган пахтани самарали тозалаш ускуналари, такомиллаштирилган пахта қуриткич, чиқиндилардан толани ажратувчи регенератор, автоматлаштирилган замонавий энерготежамкор жин ускунаси, такомиллаштирилган тола тозалагич, автоматлаштирилган линтер ускунаси, пахта толасининг сифат кўрсаткичларини аниқловчи акустик прибор, пахта хомашёси навининг ифлослигини ва намлигини аниқловчи автоматлаштирилган лаборатория ускунаси, чигитнинг тукдорлигини экспресс аниқловчи акустик ускуналар яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинди. Давлат илмий-техник лойиҳалари бўйича 2018-2020 йиллар мобайнида 9 та мавзуда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди, пахтани қайта ишлаш бўйича яратилган янги турдаги ишланмалар бўйича 50 дан ортиқ патентлар олинди.

8ДП-90 русумли аррали жин ва икки барабанли тола тозалагич республикада бир нечта пахта тозалаш корхоналарига жорий қилинган.

Жумладан, пахта хомашёсини қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун электрон тарозилар тизими ва қабул қилинаётган пахта хомашёси сифатини тезкор аниқлаш механизми яратилди, пахта хомашёсининг қайта ишланишидан олинадиган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёнидаги куйиндилар меъёрлари, пахтани тайёрлаш, ташиш ва сақлаш жараёнидаги йўқотишларнинг олдини олиш, пахта тозалаш корхоналарида фойдаланиладиган материаллар сарфи, республика далаларида етиштирилган пахтанинг районлаштирилган ва янги жорий этилган навларининг саноатда қайта ишланиши бўйича тегишли тавсиялар, соҳавий меъёрлар ва йўриқномалар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги “2020-2021 йилларда ички бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги 136-сонли қарорига асосан 2020 йилда илмий марказ иштирокидаги лойиҳалар доирасида умумий қиймати 1,6 млрд сўмлик 8 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

"Пахтасаноат илмий маркази" АЖ пахта ва пахта маҳсулотларини стандартлаштириш бўйича базавий ташкилот сифатида илмий марказ қошидаги “Пахта” техник қўмитасига аъзо идоралар билан биргаликда 40 тадан ортиқ амалдаги давлат стандартлари бўйича маҳсулотларнинг сифатига белгиланган талабларни кўриб чиқади. Айни вақтгача пахта, пахта толаси, техник чигит, пахта момиғи бўйича техникавий шартлар ва ушбу маҳсулотларга тегишли синаш усулларининг давлат стандартлари халқаро ва ривожланган давлатлар стандартлари билан уйғунлаштирилиб, замон талаблари асосида тегишли ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, илмий марказ қошидаги стандартлаштириш бўйича МТК-292 Давлатлараро техник қўмита томонидан республикамизнинг давлат стандартлари асосида ишлаб чиқилган ҳамда пахта етиштирувчи ҳамдўстлик мамлакатлари фойдаланиши учун мўлжалланган давлатлараро стандартларга киритилаётган ўзгартиришларни белгиланган тартибда келишиш ва тасдиқлаш жараёнлари давом этмоқда.

Бугунги кунда "Пахтасаноат илмий маркази" АЖда мамлакатимиз пахта-тўқимачилик кластерлари таркибидаги пахтани дастлабки қайта ишлаш корхоналари учун пахта хомашёсининг ташқи кўриниш намуналари (эталонлари)ни тайёрлаш, марказий ва тайёрлов маскан лабораториялари фаолиятида зарур бўлган ўлчаш, синаш, таҳлил қилиш бўйича ускуна ва жиҳозларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни таъмирлаш, технологик регламент асосида ускуналарнинг оралиқ қистирмалари ва аэродинамикасини созлаш, замонавий лабораторияда классерлик усулида толанинг нав ва синфини аниқлашни ўргатадиган “классерлик мактаби” ҳам ташкил қилинган. Толанинг йигирувчанлиги ва калава ипнинг нисбий мустаҳкамлигини аниқлаш бўйича дастлабки таҳлилларни ўтказиш, пахтани қайта ишлаш учун янги турдаги илмий ишланмалар асосида яратилган машина ва механизмларни ҳамда эҳтиёт қисмлар намунасини ишлаб чиқариш, уларни таъмирлаш бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш, пахтани қабул қилиш масканлари ҳамда пахта тозалаш корхоналарида ишлаётган мутахассислар учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш орқали уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Жамият таркибидаги малака ошириш маркази томонидан 2018-2020 йиллар давомида вилоятлар бўйича соҳа корхоналаридан жами 1700 га яқин мутахассис ходимларнинг ўқув марказининг ўзида ва ҳудудларга ташриф буюрган ҳолда малакасини оширишга эришилди. Шунингдек, пахта тозалаш корхоналарини пахта қабул қилиш мавсумига тайёрлаш ва яратилган янги ишланмалар билан таништириш мақсадида турли семинарлар ташкил қилинди.

Илмий марказ халқаро миқёсда ҳам соҳанинг малакали хорижий мутахассислари ва тадқиқотчилари билан тажриба алмашиб, илмий-амалий анжуманларда минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан ўз таклифларини тақдим этиб келмоқда. Сўнгги йилларда илмий муассасанинг Халқаро пахта уюшмаси, Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита, Халқаро пахтани тадқиқ қилиш ассоциацияси, Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғи билан ўзаро ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. 2018-2020 йиллар давомида Пахта бўйича халқаро консултатив қўмита (ICAC) нинг Кот-д’Ивуар Республикаси ҳамда Aвстралияда бўлиб ўтган ялпи мажлисларида, Тайванда ва АҚШда ташкил этилган илмий анжуманларида ўзбек делегацияси ҳам иштирок этди. Мазкур қўмита раҳбарлигида 2019 йилда Тошкентда ўтказилган йиғилишда илмий марказ раҳбари икки йил муддатга Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг раиси этиб сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ-6097-сон Фармони билан тасдиқланган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”нинг устувор йўналишларидан бири сифатида илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш белгиланган бўлиб, унга асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 26 та вазирлик ва идора тасарруфида фаолият кўрсатаётган жами 105 та илмий ташкилотлардан сўров асосида уларнинг илмий-инновацион фаолиятига оид 27 йўналиш бўйича 75 та кўрсаткичдан иборат расмий маълумотлар таҳлил қилинди, унинг натижаларига кўра илмий ташкилотларнинг 2020 йилдаги илмий-инновацион фаолияти натижалари бўйича миллий рейтинги ишлаб чиқилди.

Илмий ташкилотларнинг 2020 йилдаги илмий-инновацион фаолияти натижалари бўйича эълон қилинган миллий рейтингда “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ 105 та илмий муассаса орасида фахрли 4-ўринни эгаллади.

“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ 

Мавзуга оид