Жаҳон | 07:08 / 31.08.2021
37937
1 дақиқада ўқилади

АҚШ эвакуацияни тугатди. Америкаликларнинг охирги самолёти Афғонистонни тарк этди

АҚШ Афғонистондан ўз аскарларини олиб чиқиш ишларини тугатди. Бу ҳақда Пентагонга асосланиб «Reuters» хабар бермоқда. Тошкент вақти билан 31 августга ўтар кечаси америкалик аскарлар бўлган охирги С-17 ҳарбий самолёти Кобул аэропортини тарк этди.

Шу тариқа АҚШнинг Афғонистондаги 2001 йил бошланган ҳарбий операцияси расман якунланди. Кобул аэропортидан 14 августдан буён 122 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. «Толибон» 31 август Афғонистондаги эвакуация жараёнларини тугатиш учун охирги кун эканини маълум қилганди.

Белгиланган вақт давомида Америка ва иттифоқчилари Афғонистондаги операциялар вақтида уларга ёрдам берган таржимонлар, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг ҳаммасини Афғонистондан олиб чиқишнинг имкони бўлмади.

Шу тариқа Афғонистондан дунёга чиқиш мумкин бўлган ягона объект — Кобул аэропорти ҳам «Толибон» назоратига ўтди. Энди ташкилот мамлакатни тарк этмоқчи бўлганларга бундай имкониятни берадими йўқми — номаълум.

Мавзуга оид