Ўзбекистон | 19:47 / 31.08.2021
7142
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолди - Шавкат Мирзиёев

Аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсган.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

Президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрамдаги нутқида Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолганини айтиб ўтди.

«Яқинда тадбиркорлар билан янги форматдаги учрашув ўтказдик. Унда мамлакатимиз бўйича 10 мингдан зиёд ишбилармонлар қатнашди.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 15 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар атрофлича ўрганилиб, тадбиркорлар кўтарган масалалар бўйича амалий чоралар белгиланди. 

Биз миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз.

Нега деганда, тадбиркор – иқтисодиётнинг, ислоҳотларимизнинг асосий таянчи ва локомотивидир. Мана шу ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак», деди давлат раҳбари.

Бугунги кунда замонавий иқтисодиётнинг энг истиқболли соҳаси бўлган ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатда кенг жорий этилаётганига эътибор қаратилган.

«Шу мақсадда ўнлаб Ай-Ти парклар, кичик саноат зоналари, соҳа учун мутахассислар тайёрланад́иган ўқув масканлари, иқтидорли компьютер дастурчилари учун махсус лойиҳалар ташкил этилмоқда.

Аҳолимизнинг катта қисми яшайдиган қишлоқ жойларини ривожлантириш ва обод қилиш, аграр соҳанинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Биз қишлоқ хўжалигида нархлар шаклланишига давлат аралашув́ини бекор қилдик, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси тугатилди. 122 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, юқори ҳосил олишга эришилди. Қишлоқ хўжалигини молиялаш тизими қайта кўриб чиқилмоқда.

Биз ҳудудларни тармоқлар билан бирга комплекс ривожлантириш бўйича янги тизимни жорий этдик. Бунинг натижасида ҳудудларнинг молиявий имкониятлари кенгайиб, 2021 йилнинг ўзида маҳаллий дастурлар учун қўшимча 3 триллион сўм маблағ шакллантириш имконияти пайдо бўлди», дейди президент.

Давлат раҳбари бундан буён ҳам аҳолининг даромади ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга жиддий аҳамият қаратилишини маълум қилди.

«Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолди. Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш суръатини аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсганида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга оширилди. Мана, яқинда қабул қилинган фармонга биноан, мамлакатимизда 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақалар миқдорини яна оширдик.

Биз бундан буён ҳам аҳолимизнинг даромади ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга жиддий аҳамият қаратамиз.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос янги тизими яратилганидан барчангиз яхши хабардорсиз. «Темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «меҳр дафтари», «маҳаллабай» ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда.

Ислоҳотлар доирасида қабул қилинган йирик дастурлар жамиятимизда ижтимоий муҳитни яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Биргина «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини оладиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида жами 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.

Бу ишларнинг барчаси «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» деган эзгу даъват асосида амалга оширилмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид