09:06 / 01.09.2021
2549

«Булунғур буюм савдо комплекси» МЧЖда ёнғин содир бўлди. 20 та дўкон ёниб кетди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган «Булунғур буюм савдо комплекси» МЧЖда содир бўлган ёнғин оқибатида жами 20 та дўкон ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича 31 август куни соат 23:16ларда Булунғур тумани «А.Темур» МФЙ Булунғур шоҳкўчасида жойлашган, «Булунғур буюм савдо комплекс» МЧЖга қарашли икки қаватли савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Шундан сўнг ёнғин содир бўлаётган жойга 10 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 01:26 да батамом ўчирилган.

Ёнғин натижасида бинонинг иккинчи қаватида бўлган, «Булунғур буюм савдо комплекс» МЧЖга қарашли 5 та ва унга туташ бўлган 15 та савдо дўконлари ёниб кетган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда. Ушбу ходиса юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Top