Жамият | 18:00 / 05.09.2021
21754
14 дақиқада ўқилади

“Тажриба осон йўллар билан қозонилмайди” — Абдукарим Мирзаев билан суҳбат

Радиожурналист ва ҳикоянавис Абдукарим Мирзаев “Осмондаги болалар” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди. 

Суҳбат давомида, ёшлар илм олишда дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларни қандай енгиб ўтиши кераклиги, аёл-қизларнинг таълим олиши, фарзанд тарбияси муҳимлиги ҳамда жамиятни қийнаётган турли мавзуларга тўхталиб ўтилди.

Радиодаги фаолият

Ўқиб юрган пайтларимизда, кунлардан бир куни радио эшитяпман, 2-курсман. “Ўзбекистон” радиосида “Ҳамроҳ” деган радиоэшиттириш бўляпти. Унда айтяптики, агар сиз бизнинг радиоэшиттиришимизда иштирок этишни ёки жонли эфирда боғланишни истасангиз, мана шу рақамга қўнғироқ қилинг. 

Мен у рақамни эски блокнотимга ёзиб олдим. Эфир тугади, кейин қўнғироқ қилдим. Эфир тугади дейишди, мен эфирга чиқмоқчи эмасман, мен радиода ишламоқчиман. Ундай қилишингиз керак, бундай қилишингиз керак, қаердансиз деб сўрашди, йўқ биз сизни ололмаймиз деб айтишди. Орадан озгина вақт ўтди. Мен радиода мухбир бўлиб ишлашни бошладим. Айнан ўша эшиттиришда. Орадан бир йил ўтди, шу қадар ишончсизлик бўлганки, телефон қилганим эсимдан чиқиб кетган. Орадан вақт ўтди, мен мухбир бўлиб, катта микрофонларни кўтариб, интервьюлар қилишни бошладим.

Туркия

2017 йилда магистратура учун Туркияга келдим ва ҳозиргача шу ердаман. Кастамону университетида журналистика бўлимида магистратурада ўқияпман. Ҳозир илмий ишим тугай деб қолди, мавзуси Марказий Осиёда илк матбуот тарихи.Ўша биринчи ёзув, тошбосмалар, кейин ёзув машиналарнинг биринчи кириб келиши, Хоразмга Ферузхон томонидан олиб келиниши, кейин руслар кириб келгач, уларнинг таъсирида матбаа кириб келгани, 40-йилгача бўлган жараён, илк жадид адабиёти, газеталар... Ҳозир шу билан бандман.

Бундан ташқари, бутун фаолиятимни телевидениедан, радиодан олиб, социал медиага кўчириб олганман ва бу ерда фойдали бўлишга ҳаракат қиляпман. Яъни ўзимнинг кучим етадиган, ақлим етадиган нарсаларда, инсонларга фойдали бўладиган нималардир қилишга уриняпман. Ҳеч бир давойим йўқ, ҳеч кимдан бир баҳо истагим йўқ. Нимани яхши кўрсам, нимани қила оламан деб ўйласам, шуни қилишга уриняпман.

YouTube

Мен “Пойтахт” радиосида ишлаганимда “Дилкаш” номли радиоэшиттиришим бор эди. У пайт YouTube йўқ эди. Ўша пайтда радио эшитганлар жуда яхши танийди. Кунига йўқ деганда 4та хат келарди почта хизматидан. Кейин “Замин FM” радиосига ўтдим. У ерда “Учинчи одам”, “Дастхат”, “Ўтган кунлар” деган бир неча радиоэшиттиришлар бор эди. Ҳозирги YouTube’дагидан ҳам кўпроқ одамларни жалб қилган деб ўйлайман у пайт. Чунки ҳозир YouTube’да биз кўриниб турганимиз учун сирлиликнинг проценти камайиб қолган-да.

У пайт бизни ҳеч ким кўрмас эди. Сирлилик юзда юз турарди. Ўшанинг учун одамларнинг билишга бўлган иштиёқи ҳозиргидан кўпроқ эди. Кейин телевидение бошқа, яъни мен бу тажрибани деярли 20 йилдирки йиғиб келяпман. 2001 йил радиода бошлаганман, мана 2021 йил ҳозир. Йигирма йилда тўпланган тажриба.

Энди, мен Туркияга келганимдан кейин бу ерда “Йўлдаги одам” деган бир кўрсатув қилишни бошладим. “Ёшлар” канали учун 25та сонини тасвирга туширдик. Кейин шартнома муддати тугади, бошқа шартнома қилинмади. Мен бу ерда Кастамонудан Истанбулга қатнаб, “Регистон ТВ”да бош режиссёр ўлароқ ишлашни бошладим. Лекин мен ўзим кадрда кўринмаяпман, чиқмаяпман. Мен ўзимнинг ижодимни қилаётганим йўқ. Шу зайлда бир йил, бир йилдан ортиқ ишладим. Мен шу қадар банд бўлганманки, бир пайтнинг ўзида 4та жойда ишлардим. Ойлигим етмасди, оилани боқишга етган эмас. Телевидениеда ишлардим, радиода ишлардим, “Дийдор” театрида ишлардим. Яна офисда бошқа ишларимиз бор эди. Ҳужжатли фильмлар қилардик. Ҳаммасида ўн икки, бирда иш тугарди. Лекин барибир ҳеч қачон пул етган эмас, оддий бензин қуйишга ҳам етмасди. Пул етмагани катта сарф-харажат ҳисобидан эмас, камлиги ҳисобидан эди. Ҳаёт қиммат эди, топаётганимиз кам эди. Лекин бунга унчалик диққат қилмас эдик. Кўрсатувлардаги шартномам тугаганидан кейин балиқ тутишни бошладим. Бир йилга яқин балиқ тутиш билан шуғулландим, нимадир қилишим керак деб ўйлардим. Кейин бирдан карантин бўлиб қолди. Балиқ тутиш ҳам тўхтади. Нимадир қилишим керак эди, китоб ўқидим. Йигирма йил давомида бу қадар бўш бўлмаган эдим. Кейин болалар билади, Абу Бакр деган операторимиз бор, ўтиринг дедим. Мен сизга ҳикоя айтаман, сиз эшитасиз дедим. Биринчи “Уч ўгит” деган ҳикоя айтиб бердим. Ҳар ҳафта 3 та ҳикоя айтаман, ўтирасиз дедим. Ўша билан бошладим. Кейин ўзимга айтдим, учта ҳикоя қиласан, иккита жонли эфир қиласан деб. Ўзимни шу қадар ишга кўмиб ташладим. Ўшандан кейин YouTube’да бошланиб кетди ва одамлар яхши қабул қилди. Радиодаги кайфиятни видеога кўчирдим. Ўзим доим қилган ишни видео кўринишига ўтказдим.

Талабалик вақтларида олинган сабоқлар

Бизнинг ўтган ҳаётимиздаги ҳеч бир лаҳза бугунги кунимиз учун салбий ва ёки ижобий таъсир қилмасдан ўтмайди. Ҳатто уйқудаги ҳолатларимиз ҳам. Биз болалигимизда, кейин талабалигимизда синовларни, оғриқларни кўрдик, ҳаёт бизни шундай тарбиялаб келади. Кичик-кичик муаммолар билан ёшимизга мос, ақлимизга мос муаммолар билан ҳаёт бизни учраштиради ва бир куни у ердан олган тажрибалар, кучлар бошқа ҳаммаси йиғилиб келиб, олдимиздан чиққан катта нарсаларнинг устидан ғалаба қозонамиз. Айтиш мумкин бўлса, натижаларга эришамиз. Ана ўша йиллар бўлмаса, у талабаликда бўлсин, у бошқа жойда бўлсин, у оғриқлар, ситамлар, йўқчиликлар бўлмаса, дарсларни ололмаймиз. Биз яшар эканмиз, бизга куч берадиган нарсалар бу муаммолардир. Ота-она фарзандига қаерда керагидан ортиқ ёрдам қилган бўлса, ўша бола ўша жойда йиқилади. Агар болалигимизда қанча кўп асралсак, биз муаммоларга қарши курашишни билмаймиз. Биринчи зарбаларданоқ йиқиламиз.

Одамлар бугун кўраётган нарсалар – бу натижалардир

Ўн минг метрга чопаётган одамларнинг охирги 300-400 метрда финишга яқинлашганда битта, иккитаси кўриниб қолади. Бошланганда уч юз киши бошлаганди, охирида битта, иккита қолди. Ёки битта, иккитаси кўпчиликнинг ичидан ажралиб чиқди. Ўшаларнинг ажралиб чиқишига мажбур қилган тўққиз минг метрлик масофа эмас, ундан олдинги бир ҳаёт бор. Ўша ҳаёт қанча оғир бўлган бўлса, у ўшанча яхши етиб боради манзилга.

Мен хатоларимни ютуқларимга алмаштира олган одамман

Ҳаёт бизга адолатсизми? Мен бунга ишонмайман, лекин биз ўзимизга адолатсизмиз. Мен бунга аминман. Мен ўзимни ҳаётимга, ўзимга нисбатан адолатсизлик қилган пайтим, бу ҳаёт мени жазолайди. Агар мен буни сезмасам, иккинчи бир адолатсизлик қилган бўламан. Мен хатоларимни ютуқларимга айлантиришни уддалаган одамман деб биламан ўзимни. Инсоннинг қурби етадиган нарсалар бор, етмайдиган нарсалар бор. Баҳосини ҳам билиш керак инсон. Кучи етмаган жойда чиранишлар ботқоққа кириб олиб, чиқишга бўлган ҳар қандай уриниш сизнинг ботишингизга сабаб бўлади. Ўшанинг учун ботқоқнинг ичида экан, чиранолмайди. Олдин у ернинг ботқоқ эканлигини аниқлаш керак бўлади. Мен бир суҳбатда айтган эдим, от бўлинг, чангитиб кетинг. Одамлар чангингизни муҳокама қилишсиз. Сиз минглаб километр узоқда бўлинг. Етолмасин сизга ҳеч ким, қаердалигингизни билолмасин. Доимо олдинга ҳаракатда бўлиш керак. Лекин бунинг учун олдин чопишни ўрганиш керак. Ўтириб, бу ерда йиқилдим, йиғлаб олай, у ерда йиғлаб олай деса, одам кучли бўлмайди.

Ҳаёт дафтарида саҳифа олган жойлар

Биз инсонлар ҳаммамиз ҳаётимиздаги ёмонликларимизнинг ҳисоб-китобини қилмаймиз-да, қилган яхшиликларимизнинг ҳисоб-китобини қиламиз. Санаб юрамиз, унга яхшилик қилдик, бунга яхшилик қилдик деб. Агар биз бунинг тамоман тескарисини қилганимизда эди, ҳаётимизда бўлган ёмон нарсаларнинг нега бўлганлигини ҳисоб-китобини қилганимизда эди... Зотан улар бўлган, овоз чиқариб айтолмайдиган, ўқий олмайдиган саҳифалар бор. Қайта-қайта ўқиб ётган саҳифалар ҳам бор. Лекин биз қилишимиз керак бўлган, ўша овоз чиқаришга қўрқаётганимиз, истамаётганимиз саҳифалар бизни ҳаётимизда нега содир бўлди, билдикми ва уни тузата олдикми? Ёки биз учун қулайи уни эсламасликми? Биз ундан бир хулоса олдикми? Нега у содир бўлди? Бизда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди. Ҳар нарса бир нарсани олиб келади. Фақат биздаги, агар ичимиздаги тарозининг посангиси тўғри бўлса, адолатли бўлсак, ундан бир тўғри хулоса чиқарамиз ва диққатли бўламиз ҳаётимизда такрорламаслик учун.

Ёшлар ўзини таниб олиши учун нима қилиши керак?

Ёшлар ўзини таниб олиши учун кўп билим олиши керак. Кўп ўқиши керак, бунинг бошқа йўли йўқ. Ҳатто, оддий чумолини кузатиш учун ҳам буни бир кузатиш истаги бўлиши керак. Ҳар нарса бир истакдан бошланади. Ўзни таниш ҳамқуруқ гаплигида, бир истакмас, у бир маълумот. У маълумотни олганимдан кейин менда ўзимни таниш истаги пайдо бўлса, бу бир ҳаракат, бу бир бошланиш. Агар менда бундай истак пайдо бўлса, агар мен Роббимни таниш учун, олдин ўзимни танишим керак экан деган бир ҳақиқатни ўзимга сингдирсам, мен аминманки, Роббим менга ўзимни ҳам танитади, ўзини ҳам танитади бу ҳаёт орқали. Ўшанинг учун бундай тушунчанинг ростлигига иймон, ишонч бўлиши керак инсонда. Мен ўзимни танишим керак, бу жисмнинг ичида нима бор, бу кўзлар қандай кўряпти, бу қулоқлар қандай эшитяпти, таъмни қандай биляпман, ҳидни қандай биляпман, қандай қилиб ушлаб туриб буни қиляпман, бу сезгилар қандай ишлаяпти, бу тизим қандай тизим ичимдаги. Булар ҳақида ўйлаш керак. Инсоннинг икки дарди бор. Биттаси қорин дарди, нон дарди. Иккинчиси жон дарди. Инсон қорнини ўйласа, нонни дард қилса, ҳаракат қилади у нонни топишга. Албатта, Аллоҳ унинг ризқини ёзиб қўйибди, топади. Жонининг дардини қилса, инсон фикр қилишни бошлайди. Жонимиз дарди дегани ўша ўзимизни таниш. Ўзимизни танишга бўлган уриниш бизни фикр қилдиради.

Ҳаётнинг ҳақиқатлари билан қанча эрта юзлашса, овутмаслик керак

Биз ўзимизни ҳам овутмаслигимиз керак. Биз ҳеч кимнинг ҳимоячиси эмасмиз. Биз ўтмишнинг адвокатлари эмасмиз. Биз уларни ҳимоя қилишимиз шарт эмас. Лекин биз у ердан ибрат олишимиз шарт! Хатоларни такрорламаслигимиз шарт. Бизнинг ҳаёт тарзимизга бундай қаралса, ижтимоий ҳаёт тарзимизга қаралса, фақат кўнгилхушлик томонларини боплаймиз. Тўй-ҳашамлар, меҳмондорчиликлар ва буларнинг ҳаммаси ўзимизга ўхшаган одамлар учун. Мен буни қилмаслик керак демаяпман, аммо бундай бўлмаслиги керак деяпман.

Ҳаётда пулга топиб бўлмайдиган энг қиммат нарса нима?

Масалан, менинг бир баҳойим бўлса, мени қийматли қилган нарса мени ўзиммас-да. Менинг бу қийматим фақат онам ва отам учун ёки яқинларим учун. Мен бир ишга арзимасам ҳам, улар менга қўйган бир баҳо бор. Бир ришта бор у ерда. Лекин ҳаётда, бу шафқатсиз ҳаётда менга ҳеч ким ҳеч қандай баҳо бермайди. Чиройли кўзингга қараб баҳо қўймайди дейди-ку. Худди шундай, бу ерда тажриба керак. Сиз йиллар давомида йиғганингиз,тажрибангиз бўлса, бир қийматингиз бор. Ҳар йиқилганда йиғлаб, у ишдан бунисига ўтиб, буниси бўлмаса, бошқасига ўтиб, ҳаккага ўхшаб у шохдан бу шохга қўниб яшаб келинаётган бўлса, унда на тажриба бўлади ва на қиймат бўлади. Иккиси ҳам бўлмайди. Бу ёшлардан биринчи сўрасангиз, кўзи ўйнаб туради ойлиги қанча экан деб. Биз радиода ишлардик машҳур-у жаҳон бўлиб, лекин ойлик олмас эдик. Бировга бу ҳақида нолимас эдик, билдирмасдик. Чунки дардимиз пул бўлган эмас. Аллоҳ ўлдирмаган, ризқимиз келган. Лекин дардимиз иш бўлган, ишининг усталарининг ёнида бўлган. Улардан кўпроқ нарса олиш бўлган. Энг яхшиси бўлиш истаги бўлган.

Тажриба осон йўллар билан қозонилмайди

Ҳеч бир нарса осонлик билан қозонилмайди. Осон йўл билан келган ҳар нарса бир ёлғондир, бир жазодир менга. Ҳаётимизда бизнинг ҳаракатларимизсиз пайдо бўлаётган игна бўлсин, у бир кун келиб юрагимизга қаттиқ қадалади, пушаймон қилади. Ўзимни тергашимдан мақсад, ўзимни қийнаш эмас, ғафлатга кетиб қолишдан асраш. Мен ўзим бир ёмон бўлганим учун амаллабгина ушлаб туриш эмас, унутиб қўймаслик, эркаланиб кетмаслик. Ҳаётда шундай яшамаслик, жиддий яшаш. Сиз ҳеч бир синовга ўйнаб-кулганмисиз? Ё синовга кириб ўйнаб, кулганмисиз? Бу дунё бир синов, имтиҳон бўлса, бу дегани хўмрайиб юрайлик, имтиҳондамиз дегани эмас, Аллоҳ бизга насиб қилса табассумни, табассум қиламиз.

Мавзуга оид