18:36 / 06.09.2021
11913

Чилонзор тумани ҳокимлигига ошхона қуриш учун 1 млрд сўм ажратиш таклиф қилинди

Тошкент шаҳар Чилонзор туман ҳокимлигига ошхона қуриш учун 999 млн сўм пул ажратиш таклифи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиқди. Мавзу ижтимоий тармоқларда танқидларни келтириб чиқарди ва бу ташаббус учун пул ажратилмайдиган бўлди.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги

Ўзбекистонда илк марта маҳаллий бюджетларнинг бир қисмини бевосита аҳоли таклифлари асосида сарфлаш бўйича “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Жараён уч босқичда, 1 июлдан 2 сентябргача ўтказилди. Унда фуқаролар энг кўп билдирган ташаббуслар – ички йўллар, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда ичимлик суви билан боғлиқ бўлди.

Aҳоли томонидан қолдирилган таклифларга овоз бериш 2 сентябр куни якунланди: 205 та туман ва шаҳарда жами 881 та таклиф ғолиб деб топилди.

Маълум бўлишича, энг кўп овоз олгани учун ғолиб деб топилган таклифлар орасида Чилонзор тумани ҳокимлигига ошхона қуриш учун 999 млн сўм ажратиш ташаббуси ҳам бор. Бу ташаббус учун 282 та овоз йиғилган.

“Очиқ бюджет” порталида, шунингдек, Чилонзор тумани 4-сектор штабини таъмирлаш учун 500 млн сўм ажратиш ҳақидаги таклиф 305та овоз тўплаб ғолиб бўлди.

Ғолиб деб топилган ташаббуслар сирасида, 273 та овоз олган ташаббус – Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармасига иш қуроллари олиб бериш ҳам бор. Ташаббусда кетмон, белкурак, паншаха, ҳаскаш, болта, арра, челак, чўтка, супурги, “тележка”, триммер, бензопила, ўроқ ва ҳоказолар учун 600 млн сўм йўналтириш илгари сурилган.

“Ҳокимиятнинг чўнтак лойиҳалари ғолиб чиқади деб асло ўйламагандим”

Мазкур учта ҳолатга даставвал Kurbanoff.net канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов эътибор қаратди.

“Чилонзорликлар “молодец”, улар ўз ҳокимликлари ходимлари учун қарийб 1 миллиард сўмлик янги ошхона қуришни қўллаб-қувватладилар.

Aҳоли ўз раҳбарларининг ҳаётига бефарқ эмас.

Бундан ташқари, улар ўз ҳудудининг 4-секторининг штаб-квартирасини (500 миллион сўм) янгилашни, шунингдек, туманни ободонлаштириш хизмати учун белкурак, болта ва бошқа асбоб-ускуналарни сотиб олиш (600 миллион сўм) ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

Улар ўзлари учун ҳеч нима хоҳлашмайди. Бундай аҳолини қадрлаш керак, азиз Чилонзор туман ҳокимлиги”, – дея ёзди у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур воқеа “Ташаббусли бюджет” тизимини такомиллаштириш зарурати борлигидан дарак беришини айтиб ўтди.

“Тўғриси, энг эзгу ниятлар билан бошланган ташаббусли бюджет доирасида ҳокимиятнинг чўнтак лойиҳалари ғолиб чиқади, деб асло ўйламагандим.

Ишончим комил, Чилонзордаги каби жузъий ҳолатлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини обрўсизлантирмайди. Қайтага унинг шарт ва мезонларини қайта кенгайтиришни, янада ижтимоийлаштиришни талаб этади.

Агар яна эътибор қаратсангиз, “Чилонзор тумани бўйича туман ҳокимияти учун ошхона қуриш лойиҳаси” ва “4-сектор штабини таъмирлаш” лойиҳалари учун онлайн овозлар биттадан холос. Яъни эҳтимолки шу лойиҳаларни киритган шахсларгина ўзи овоз берган. Қолган барчаси смс-овозлар. Яъни манипуляция ва маъмурий омилнинг ўрни жуда сезиларли. Келажакда бу ҳақда ҳам албатта ўйлаш керак”, – дейди Бакиров.

Қонунга мувофиқ, адолатга номувофиқ...

Порталда қолдирилган ташаббус ғолиб чиқиши учун 1-босқичда белгиланган мезонларга мос келиши, 2-босқичда эса шу ҳудудда яшовчи аҳоли унга овоз бериши лозим. Энг кўп овоз йиғган ташаббус ғолиб бўлади. Ҳокимият томонидан қолдирилган ташаббуслар ҳам худди шу босқичлардан ўтган.

Бироқ аҳолини қийнаган ва нисбатан кўпчиликнинг манфаатига хизмат қилувчи ташаббуслар етарли овоз ололмагани учун ғолиб чиқмаган ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин. Бунда аҳолини ўз муаммоларидан келиб чиқиб бюджет маблағлари тақсимотида иштирок этиш имконияти борлиги ҳақида хабардор қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ташаббус энг кўп овоз олди дегани, у молиялаштирилади дегани эмас

Молия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилдора Жўраеванинг Kun.uz'га маълум қилишича, ғолиб чиққан ташаббуслар ижтимоий аҳамиятига қараб сараланади.

“Ҳозирги жараёнда онлайн платформа орқали якуний натижалар эълон қилиняпти. Энди маҳаллий кенгашлар томонидан ҳар битта туманга тегишли тартибда саралаш ўтказилади. Кенгаш ташаббуснинг ижтимоий аҳамиятини, унинг қанчалик кераклигини ўрганиб чиқади. Кейин кўп овоз йиғган ташаббуслар сараланади.

Битта нарсани билиш керак, ҳамма овоз бера олади, чегараси йўқ. Бу фуқаролар билан амалга ошадиган жараён, лекин молиялаштириш масаласида маҳаллий кенгашдаги халқ депутатлари қайси лойиҳа қанчалик муҳимлигига қараб ташаббусни саралайди”, – деди у.

Масалага Молия вазирлиги Давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳамедов муносабат билдирди.

“Ютиб чиққан таклифлар ўрганиб чиқилади ва маълум тузатишлар киритилади. Чилонзор туман ҳокимлигининг ошхона биноси ва 4-секторга маъмурий бино қуриш молиялаштирилмайди ва ишчи гуруҳ томонидан бундан кейинги навбатдаги таклифлар ижтимоий аҳамиятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллий кенгашларга молиялаштириш юзасидан таклиф киритилади”, – дейди у.

Top