Business class | 18:53 / 08.09.2021
402339
6 дақиқада ўқилади

Китоб сотишдан космосни забт этишгача. Amazon'нинг гаражда бошланган тарихи

Китоб сотиш билан бошланган бизнес бугун эгасига сониясига 2400 доллар фойда келтирмоқда. Kun.uz “Business Class”да бугун Amazon ва унинг асосчиси  Жефф Безос ҳақида сўз юритамиз.

1964 йилда Американинг Нью Мексико штатида дунёга келган Жефф исмли чақалоқ вақти келиб дунёдаги энг бой инсон, 200 млрд доллардан кўп пули бўлган илк одам, ўз космик кемасида фазога кўтарилган бизнесмен бўлишини ким ҳам ўйлабди дерсиз. Жефф Безоснинг ўзи ҳам бундай бўлишини ўйламаган бўлса керак.

Бугунги кунда дунёдаги энг бой компаниялардан бири бўлиб турган Amazon компаниясига 1994 йилда асос солинган.

Унинг асосчиси – Жефф Безос. DE Show инвестицион компаниясида вице-президент лавозимида ишлаб турган Жефф Безос ўзининг бизнес ғояларини амалга ошириш учун ўз ишини ташлайди ва рафиқаси Маккензи Безос билан бирга нолдан янги стартапини амалга ошириш учун ҳаракат қилади.

Жефф электроинженерия ва компьютер билимлари соҳаси бўйича олий маълумотга эга эди.

Жефф Безосда ҳар қандай маҳсулотни сотишга мўлжалланган дўконни очиш ғояси бўлган. Уни амалга оширишда эса одатдаги тўсиқлар юзага келди: чекланган бюджет, бозорни яхши тушунмаслик ва сармоядорларнинг йўқлиги. Биринчи ҳафтадаёқ банкротликка учрамаслик учун Безос ишни оддий усулда бошлашга қарор қилди. Интернет орқали яхши сотилиши лозим бўлган товарларни 20 гуруҳга бўлиб чиқди. Унга компьютер дастурлари, фильмлар, мусиқалар, офис анжомлари ва бошқа маҳсулотлар кирарди.

Aммо бирламчи маҳсулот сифатида китоблар яхши сотилган – улар енгил ва етказиб бериш осон. Aхир уни ким сотиб олаётганининг аҳамияти йўқ, бунинг устига интернетдаги танлов оддий китоб дўконидагига нисбатан кўпроқ эди.

Жефф Безос компания фаолиятини ўзининг гаражида бошлаган. У китобларни ўзининг сайти орқали сотар ва фаолиятини кенгайтиришни ўйларди.

Жефф китоб мутолаа қилишни яхши кўрар ва ўша пайтда яхши китоб топиш осон эмаслигини яхши биларди. Шу сабабдан интенет дўконини айнан китобларни тезроқ топишга ва яхши китоблар тавсия қилишга йўналтирган эди.

У китобларни топишни осон қилиш билан бирга, сотиб олган харидорга чиройли ўрамда етиб боришини таъминлашга ҳам катта эътибор берган.

Amazon'нинг барча даромади компанияни ривожлантиришга сарфланган. “Биз ё биринчимиз, ёки ютқаздик” – бу концепциядан кейинчалик Google, ундан сўнг Facebook ҳам фойдаланган.

Жефф нафақат компьютер инженерияси бўйича мутахассис, балки яхши маркетолог ҳам эди. У ўзининг илк бизнесини юқори мактабда ўқиб юрган пайтида йўлга қўйган: йигитча ўз уйида ноодатий қобилиятга эга ўқувчилар учун пулли лагер очган ва унинг ортидан яхшигина пул ишлаб олган.

Ёшлигидан мижоз психологияси билан ишлашга қизиққан Безос Amazon орқали китоб сотиб олаётган инсонларга почтаси орқали китоб билан бирга: “Яна нималарни онлайн сотиб олишни хоҳлардингиз?” дея савол берар эди. Жавобларга қараб онлайн дўкон пештахталарига бирма-бир янги маҳсулотлар кириб кела бошлади. Илк қўшилган товарлар орасида ҳожатхона қоғози, болалар таглиги ҳам бор эди. Сўнгра Жефф дўконни видеоўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдиришни бошлади.

Бизнесда ном танлаш ҳам бренднинг келажагини белгилаб беради. Компания даставвал 1994 йилда Сиетлда Cadabra номи билан фаолият бошлаб, китоб сотишни йўлга қўйганди. Бироқ ишлар юришмади: компания номи талаффуз қилинганида “cadaver” (ўлик тана) сўзини эслатиб юборган. Иккинчи вариант эса Relentless (“шафқатсиз”) эди, бироқ бизнесменнинг дўстлари бу ном ҳам жуда қўрқинчли эканини айтган. Relentless.com манзили ҳозир ҳам Безоснинг номига расмийлаштирилган ва бу манзилни терсангиз, Amazon.com сайтига йўналтириласиз.

Жефф яхшироқ ном топиш илинжида Оксфорд луғатини варақлаб чиқади ва “Aмазонка” сўзига дуч келади. Бу – дунёдаги энг катта дарё (Безос ҳам ўз дўконини дунёда энг каттаси бўлишини ният қилган), шунингдек, “A” ҳарфидан бошланади (у вақтларда Google бўлмаган ва фойдаланувчилар янги сайтларни онлайн-каталоглар орқали қидирган).

Amazon.com 1994 йилнинг ноябрида рўйхатдан ўтказилади ва тармоқда 1995 йилда пайдо бўлади. Компания логотипи ҳам ўзига хос маъно англатади: Amazon ёзувининг остидаги кўрсаткич белгиси “а” дан “з”га қараб ҳаракатланган. Лотин алифбосида энг охирги ҳарф “з” ҳисобланади. Яъни бизнинг дўконда ҳамма номдаги товарлар мавжуд деган маънони беради.

Компания ривожлана бошлади. 1996 йилга келиб даромади 15,7 млн долларни ташкил этган бўлса, орадан бир йил ўтиб, 148 млн долларга етган. Ташкил топганидан 5 йил ўтиб эса компания 6 млрд долларга баҳолана бошлади.

Бугунги кунда Amazon компанияси дунёдаги энг йирик онлайн дўкон ҳисобланади. Aмерикада амалга ошириладиган барча онлайн харидларнинг учдан бир қисми Amazon.com ҳисобига тўғри келади. Шу билан бирга, компания маълумотларни сақлашда энг йирик сервер хизмати кўрсатувчилардан саналади.

Amazon компанияси маҳсулот етказиб бериш хизматида илк бор учувчисиз қурилмалардан фойдаланган.

2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистонликлар ҳам ўз товарларини Amazon орқали сота оладиган бўлди.

Компанияда бугунги кунда 300 мингдан зиёд ходим фаолият юритади. Жеф Безоснинг молиявий ҳолати эса 2021 йилда 211 млрд долларга етди.

Жефф 2000 йилда “Blue Origin” космик сайёҳлик компаниясига ҳам асос солганди. У ана шу компаниясининг космик кемасида, 2021 йил 20 июль куни ердан 100 км узоқликка, яъни космосга бориб келди.

57 ёшли Жефф эндиликда миллиардерлар Ричард Бренсон ва Илон Маск каби, космик туризмни йўлга қўйиш ниятида.

Тоҳиржон Турсунов тайёрлади.

Мавзуга оид