11:01 / 09.09.2021
12027

«Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки аҳоли дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур» – Президент

Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида маълум қилди.

“Бу – ҳаётий ҳақиқат. Барча орзу-ниятларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани–кеча, кундузни–кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз – ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид ва ишонч билан қараб турган халқимиз учундир. 

Биз ушбу йўналишдаги эзгу ишларимизни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосидаги барқарор ривожланиш дастурини ишлаб чиқдик ва мазкур соҳадаги фаолиятимизни давлат сиёсати даражасига кўтардик. 

Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган.

Юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтайи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда қандай катта натижаларга эришганимиз аён бўлади.

Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ҳар 100та оилага 162та телевизор, 107та холодилник, 287та мобил телефон, 49та енгил автомобил тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимиздаги оилаларнинг қарийб ярми ўзининг шахсий автомобилига эга.

Ёки сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 10 мартадан ҳам кўп демакдир.

Самарали ва аниқ манзилли ижтимоий сиёсатни жорий этишда: аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш; узлуксиз таълим ва тарбия соҳасида янги тизим яратиш; илм-фанни замон талаблари асосида ривожлантириш; аҳолининг барча қатламларига, хусусан, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ва имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож шахсларга зарур кўмак бериш борасида амалга оширган ишларимиз эл-юртимизга яхши маълум.

Мен бугун бу борада батафсил гапириш, қандайдир рақамларни келтириш фикридан йироқман”, деди давлат раҳбари.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top