17:11 / 10.09.2021
12775

Субҳидамда ободлик исташмоқда. Тошкент биқинидаги Тошкентга ярашмайдиган ижтимоий муаммо

Интернетда симёғоч ва трансформатор носозлиги, йўллар нобоплиги каби ижтимоий муаммолар ҳақида видео кўриб қолсангиз, Тошкентдан бошқа бирор вилоят бўлса керак деб ўйлайсиз. Кўп ҳолларда шундай бўлиб чиқади ҳам. Ахир Тошкент бошқа ҳудудлардан анча илгарилаб кетганини кўзимиз билан кўриб турибмиз. Бироқ оддий ижтимоий муаммолар Тошкент биқинидаги ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, пойтахт яқинидаги Қибрайда мустақиллик йилларида асфалт кўрмаган кўчалар бор экан.

Йўл

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Бўстон маҳалласидан таҳририятга мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, маҳалладаги Субҳидам кўчасига 30 йилдан бери асфалт ётқизилмаган. Ҳа, пойтахтдан тўрт қадам наридаги маҳалла кўчаси мустақиллик йилларида асфалт кўрмагани айтилмоқда. Ёмғирли кунларда кўча лой бўлади. Маҳалла фаоли Тоҳир Нишоновнинг айтишича, йиллар давомида тегишли ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилинишига қарамай, бу муаммо ечим топмаяпти.

«Кўчиб келганимизга 30 йил бўлди. Йўл масаласида ҳокимиятга, йўл қурилиш корхоналарига мурожаат қилдик, лекин ёрдам бўлмади. Неча марта борган бўлсак, бир-икки ойда қилиб берамиз, дейишади, лекин қилинмайди. Мана, яқинда ёғингарчилик бошланади. Болалар мактабга бориши керак. Мактаб билан уйларнинг ораси узоқ, лойни босиб бориб-келишади, қолаверса қарияларимиз бор. Неча йилдан бери ёнимиздан харажат қилиб кўчага шағал тўкамиз. Тошга қоқилиб йиқилиб тушганлар ҳам бўлди. Ҳокимият ваъда беради, лекин йўл қилиб бермаяпти», деди у.

Электр

«Трансформатор қўйиб беришлари учун уч йил югургандик. Ниҳоят икки йил аввал Kun.uz’да чиққан репортаждан сўнг, кўчамизга трансформатор ўрнатиб берилди, аммо янги ўрнатилган бетонли симёғочларга эски симёғочлардаги электр симлари ҳанузгача улаб берилмади. Аҳоли хавотирда, чунки эски симёғочлар бир аҳволда, симлар осилиб қолган, шамолда узилиб тушиши мумкин. Масъул ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилдик, аммо ҳолат ўша-ўша», дейди Тоҳир Нишонов.

«Ишни охирига етказмай ташлаб кетишди. Неча марта мурожаат қилдик. Бораверамиз, эртага, индинга дейишади, ҳеч ким келмайди. Ахир, биз ёш бола эмасмиз-ку ҳадеб бораверсак. Бетон симёғочларни ўзимиз ўрнатиб қўйдик. Симларни эски ёғоч симёғочдан бетонига ўрнатиб беринглар, деб неча марта айтдик, келишмади. Шу муамони ҳал қилиб беришларини сўраймиз», деб сўзида давом этади Тоҳир Нишонов.

Бу борада «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ вакили билан боғланганда мазкур масала ўрганилишини маълум қилишди.

Болаларга ўйингоҳ керак

Маҳалла аҳолиси болалар ўйнашлари учун майдонча йўқлиги ҳақида ҳам мурожаат қилишди. Айтилишича, болалар 2-3 километр узоқликка бориб ўйнаб келишади. Ўзларини ҳудудларида эса бундай имконият йўқ.

Исломбек Умаралиев, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Top