19:01 / 15.09.2021
21434

«Қўлига қурол олиб, истиқлол учун курашганлар илк марта оқланди» – қатағон қурбонларининг оқланиши ҳақида тарихчи Баҳром Ирзаев билан суҳбат

Ўзбекистон Олий суди 25 август куни совет даврида қатағон қилинган, бироқ шу кунгача реабилитация қилинмай қолиб кетган 115 нафар ўзбекистонликни оқлаган эди. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев биз билан суҳбатда 115 нафар қатағон қурбонларининг номи нима учун орадан шунча йил ўтиб оқлангани ҳақида тўхталди.

– Сталин давридаги қатағонлар даврида ноҳақ айбланган, қамалган ёки отиб ташланган ўзбекистонликлар ҳақида жамоатчилик етарли даражада маълумотга эга эмас. Хусусан, Олий суд томонидан оқланган 115 кишининг аксариятини одамлар танимайди. Улар нима учун бу қадар кеч оқланяпти? Шу пайтгача нима учун уларнинг номини оқлашнинг имкони бўлмаган?

– Қатағон қурбонларини оқлаш жараёни 1956 йилданоқ бошланган эди. 1956–57-йилларда жуда кўпчилик, хусусан, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби кўплаб миллат фарзандлари оқланади. Хрушчёвнинг илиқлик даврига келиб Сталин ҳокимият тепасида бўлган пайтларда амалга оширилган қонхўрлик бутун дунёга маълум бўлиб қолгач, ҳам халқнинг олдида, ҳам дунё жамоатчилиги олдида ҳисоб бериш учун иттифоқ раҳбарияти бир қадар ортга чекиниб, қатағон қурбонларининг бир қисмини оқлашга мажбур бўлганди.

Бу билан СССР ўзининг моҳиятини ўзгартиргани йўқ. Лекин Сталиндан кейин иттифоқ дунё томонидан тан олиниши учун ҳам бу ишларга қўл урилди. Қолаверса, тинимсиз амалга оширилган қатлиомлар маълум бир нуқтага етиб борган, аҳоли бундай қатағон сиёсатидан ҳолдан тойганди. Ўша жараёнда бизнинг адабиёт ва санъат аҳлимиз, сиёсат оламидаги эл таниган инсонларимиз оқланди.

Баҳром Ирзаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Шу билан бирга, ўша пайтда ҳам яқин фарзандлари борларгина ташаббус кўрсатиб, қатағонга учраган ота-оналари, бобо-момоларининг номини оқлаб олишди. Бироқ фарзандлари ёки оқлаш тўғрисида илтимоснома ёки талабнома келиб тушмаган аксарият қатағон қурбонларининг номи оқланмай қолиб кетган. Қатағон даврида жиноий жавобгарликка тортилган ўзбекистонликларнинг оқланганлик бўйича кўрсаткичлари собиқ иттифоқдаги бошқа республикалар билан солиштирганда, энг паст.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Шароф Рашидов, Нуриддин Муҳиддиновлар ташаббус қилиб баъзи кишиларнинг номини оқлашга ҳаракат қилди. Лекин оқлангандан кейин қатағон қурбонларига етказилган моддий-маънавий зарар қоплаб берилиши керак эди. Афсуски, аксар ўзбекистонликларга товон пули берилмаган, яъни бу борада ҳам халқимизга нисбатан адолатсизлик қилинган. Ўша пайтлардаги жиноят иши ҳужжатларини ўрганганимизда шу нарса кўриниб қолади. Аксинча, қўрқитиш йўли билан мулкий даъвом йўқ, деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинган.

50-йилларда жадал бошланган оқлаш жараёни 60-йилларга келиб бирдан тўхтади. Ва 70–80-йилларда бир-икки ҳолатни ҳисобга олмаса, айтарли ҳеч ким оқланмади. СССРнинг сўнгги кунларида, 1989 йили Михаил Горбачёвнинг фармони билан иттифоқ даврида амалга оширилган жиноятларни ёпиш мақсадида гўёки деярли ҳамма оқланган эди. Шу жараёнда минглаб, ўн минглаб ватандошларимиз оқланиб қолди.

Мустақилликка эришгандан кейин Мунавварқори ва бошқалар оқланди. Масалан, Германияда ўқиб келган Хайринисо Мажидхонова 2000-йилларга келиб оқланган ва бу жараён ҳалигача давом этиб келаётганди. Лекин шу пайтгача бўлган даврда бирор марта қўлига қурол олиб, истиқлол учун курашган одамлар оқланган эмас. Бундай шахслар биринчи марта оқланмоқда. Ўзимиз ҳам зўрға ишондик бу ишлар бўлаётганига. Бундан ташқари, ҳозиргача Носирхон тўра Камолхон тўра ўғлидай уламолар ҳеч қачон оқланган эмас. Бу ҳам биринчи марта деб айтишимиз мумкин.

Олий суд томонидан оқланганлар 6 та жиноят иши доирасида оқланишди. Шундан 92 киши Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли, 16 киши Иброҳимбек Лақай, 4 киши Усмон Тереғулов, қолганлар эса Ғофур Султонов, Қиёмиддин Киромиддин, Латиф Даминга оид жиноят иши доирасида оқланди.

– Бу шахсларнинг номи оқланмагани, бу иш судда кўрилмагани авлодларининг бу борадаги ҳаракатлари етарли бўлмагани туфайли рўй берган деб айтишимиз мумкинми?

– Масалан, Иброҳимбек Лақайдан ҳеч қандай авлод қолган эмас. 115 кишининг аксариятидан авлод қолмаган. Чунки кўпчилиги жуда ёш бўлган ва оила қуришга ҳам улгурмаган. Ёши катталарининг авлодларида эса қўрқув бўлган, улар халқ душманининг авлодлари сифатида таъқиб ва тазйиқ остида яшaб келишган. Ҳеч қачон улар орасидан кимдир муносиб бўлган тақдирда ҳам давлат идораларига ишга қабул қилинмаган. Совет давлати бир ҳукумат тизимидаги идораларга қабул қилишда номзоднинг аждодларигача синчиклаб текширарди ва отаси ёки бобосининг номи оқланмагани учун уларнинг авлодлари «емаган сомсаси учун пул тўлаб келган». Шу учун бу масалани кўтаришга улар журъат ҳам қила олмаган.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Top