Инсоннинг илк марта фазога парвоз қилганига бу йил 62 йил тўлди. 1961 йил 12 апрел куни совет фуқароси бўлган Юрий Гагарин фазога чиққан эди.

Ўшандан сўнг дунёнинг иккита давлати СССР ва АҚШ ўртасида фазовий пойга бошланади ва у 1991 йил СССР парчаланиб кетгунча давом этади.

Ҳар икки давлат турли тадқиқотлар учун ҳар йили миллиардлаб доллар сарфлар ва юзлаб парвозларни амалга оширарди. Гагариннинг парвозидан кейин ҳар икки томон фазога одам учиришга зўр беришади.

Парвозларнинг барчаси ҳам муваффақиятли кечмасди. Бирида фазогирлар ўтирган космик кема учиш чоғида, бошқасида ортга қайтиб тушаётганда ҳалокатга учрарди.

Қуйида инсоннинг илк марта фазога учиши тафсилотлари ва ҳалок бўлган космонавтлар ва астронавтлар ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

Владимир Комаров – 1967 йил 24 апрел.

Владимир Комаров Гагарин билан бирга

Владимир Комаров фазога парвоз қилиб ҳалок бўлган илк космонавт ҳисобланади. 1967 йил 23 апрел куни Комаров иккинчи марта Союз-1 космик кемаси билан фазога парвоз қилади. (Биринчи парвози 1964 йилда бўлган.)

Парвоз вақтида космик кемада бир нечта носозликлар кузатилади. Шу сабабли Комаровга Ерга қайтиб тушишга буйруқ беришади.

Парвоздан бир суткадан сал кўпроқ вақт ўтганда Союз-1 Ерга қайтиб туша бошлайди. Ана шу жараёнда Ер сиртига яқинлашганда унинг парашюти очилмайди.

Космик кема Оренбург вилояти ҳудудида Ерга жуда қаттиқ зарб билан урилади ва ёниб кетади. Оқибатда 40 ёшли Комаров ҳалок бўлади.

Майкл Адамс – 1967 йил 15 ноябр.

Майкл Адамс

Майкл Адамсни аслида астронавт ҳам деб бўлмайди. У асосан ракетоплан билан Ер юзасидан бироз баландда синов парвозларида иштирок этган.

У дастлабки синов парвозини Х-15 ракетоплани билан 1966 йил октябрда амалга оширади. 1967 йил ноябрда у Х-15 ракетоплани билан навбатдаги марта парвоз қилади.

У Х-15 билан Ерга қайтиб тушаётганда атмосферанинг зич қатламига кирган ракетоплан ҳавода парчаланиб кетади. Оқибатда 37 ёшли Майкл ҳалок бўлади. Шундан сўнг НАСА уни астронавтлар сафига киритади.