Бугун совет даврида лойиҳалаштирилган ва тайёрланган самолётларнинг аксарияти ишлаб чиқарилмайди. Бунинг сабаблари жуда кўп. СССР парчалангач иттифоқдош республикаларда жойлашган корхоналар ўртасида алоқалар узилади.

СССРда 1960-70 йилларда ишлаб чиқарилган самолётлар узоқ йиллар давомида янгиланмайди. Оқибатда 1990-йилларга келиб улар халқаро талабларга жавоб бермай қўяди.

Айниқса, совет самолётларига ўрнатилган двигателлар ишончсиз, шунингдек, уларнинг шовқини жуда баланд эди. Ўша пайтларда Ғарбда тайёрланган шовқини паст ва сифатли двигателлар Европадаги Airbus консорцуми ва АҚШнинг Boeing компаниясидан ортмасди.

Ана шундай шароитда Россия СССР даврида ишлаб чиқарилган самолётларнинг аксариятини мукаммаллаштира олмади. Фақат бир неча турдаги самолётларнинг янгиланган моделларини тайёрлай олишди холос.

Улар орасида асосан ҳукумат вакиллари ва Россия президентига хизмат қилган Ил-96 самолёти ҳам бор.

Ил-96 лойиҳаси тарихи

1970-йилларда СССРдан узоқ масофаларга парвоз қилишда фақат Ил-62 самолётидан фойдаланишарди. Бу самолётга 168-186 нафар йўловчи сиғарди ва у кескин ошган эҳтиёжларни қондира олмай қолади.

Шундан сўнг советлар кенг фюзелажли Ил-86 самолётини ишлаб чиқаришади. Бироқ бу самолёт Ил-62га ўхшаб узоқ масофаларга уча олмасди. Шу сабабли бу самолёт унча оммалашмайди ва ундан бор-йўғи 100 дона атрофида тайёрлашади холос.

1970-йиллар ўрталарида Илюшин конструкторлик бюроси муҳандислари Ил-86 базасида ёқилғи сиғими тўлдирилганда 9 минг километргача парвоз қила оладиган янги самолёт лойиҳаси устида иш бошлайди.

Лойиҳа аввалига шартли равишда Ил-86Д деб номланади. Кейинроқ Ил-96 деб ўзгартирилади. Ил-86 дан фарқли равишда Ил-96 да қанотлар ўлчами катталашди. Двигател қуввати оширилади.

Самолётнинг синов парвози 1988 йил 28 сентябрда Москвадаги аэродромда ўтказилади. Уни таниқли учувчи Станислав Близнюк бошчилигидаги экипаж бошқаради ва парвоз 40 дақиқа давом этади.

Кейинги синов парвозида Ил-96 Москва – Петропавловск-Камчатка йўналишида тўхтамасдан 14 800 км масофани учиб ўтади. Парвоз 18 соат давом этади.

1992 йилда Ил-96 Москвадан АҚШнинг Портленд шаҳрига яна Якутск ва Тошкентга ҳам синов парвозларини амалга оширади. Самолёт Якутскда -50 даража совуқда, Тошкентда +40 даража иссиқда синовдан ўтказилади. Ўша йили учувчилар унга яроқлилик сертификатини беради.