16:42 / 17.09.2021
11912

Ўзбекистонда автомобил сотиб олиш кўрсаткичи пандемия даврига нисбатан сезиларли пасайди

Aвгустда июлга нисбатан автомобилга бўлган талаб ўсганига қарамай, пандемия даврига нисбатан кескин камайди. Талаб пасайиши 18,6 фоизга етди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, август ойида республикада автомобиллар олди-сотдиси бўйича битимлар сони сезиларли даражада ошиб июл ойига нисбатан ўсиш 21,4 фоизни ташкил этди.

Бироқ ички бозорда бўлган талаб миқдори 2020 йил август ойи билан таққослаганда 8,6 фоизга камайди. Бунинг сабаби ўтган йилнинг июл ойида жорий қилинган локдаундан кейин август-декабр ойларида кечиктирилган талаб қондирилиши билан изоҳланади.

Микрочипларнинг глобал тақчиллиги ички бозорга босим ўтказди

Жорий йилнинг август ойида сезиларли ўсишга қарамай, автомобил бозорида савдо ҳажми карантиндан олдинги даражасига етмади. Шундай қилиб, автомобил савдоси 2019 йил август ойига нисбатан 5,1 фоизга бироз камайди.

Aввало, коронавирус пандемияси оқибатида микрочипларнинг глобал тақчиллиги ички автомобил бозоридаги фаолликка босим ўтказишда давом этмоқда, бу эса етказиб бериш муддатини оширмоқда.

Жорий йилнинг август ойида янги автомобиллар савдоси (12,1 минг) ўтган июл ойига (18,5 минг) нисбатан 34,9 фоизга камайган бўлса, август ойида иккиламчи бозорда автомобиллар савдоси (45,3 минг) 57,6 фоизга кўпайди.

Экспертлар янги автомобиллар савдосининг камайишини жорий йил 15 июлидан 21 августигача бўлган даврда UzAuto Motors Aсака автомобил заводида Chevrolet Onix ва Tracker моделларини ўзлаштириш доирасида ишлаб чиқариш имконини берадиган ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари амалга оширилиши сабабли ишлаб чиқаришнинг вақтинчалик тўхтатилгани билан изоҳлашмоқда.

2021 йилнинг август ойида 10,6 минг дона янги енгил автомобиллар давлат рўйхатидан ўтказилди (июл ойига нисбатан камайиш 38,5 фоиз). Шундан, 1021 таси (10,7 фоиз) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.

Умуман, январ-август ойларида республика бўйича 122,4 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан 6,2 минг дона чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилди.

Бироқ марказ таҳлиллари июн ойида автомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йилнинг июн ойига нисбатан 12,9 фоизни, 2019 йилнинг шу пайтига қараганда 29,6 фоизни ташкил этганини кўрсатганди.

Top