17:53 / 18.09.2021
6633

Олима аёлларнинг нуфузли илмий журналларда мақола ёзиш кўникмаларини ошириш учун яна бир имконият

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва ERGO Analytics тадқиқот компанияси, Coca Cola Uzbekistan компаниясининг бош ҳомийлиги остида, аёл олимлар учун Scopus ва Web of Science халқаро тақриз қилинувчи журналларига инглиз тилида илмий мақолалар ёзиш кўникмаларини ошириш бўйича HIVE (Highly Innovative Virtual Education) бепул тренингларини йўлга қўйди.

Ушбу ташаббус БМТТДнинг “Хотин-қизларнинг давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган, илм-фанда гендер тенглигига эришишга қаратилган таълимий лойиҳанинг давоми саналади. Зеро, ЮНЕСКО маърузaсига кўра, дунёда олимларнинг 33 фоизигина аёллар саналади.

Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов “HIVE каби ташаббусларни жорий қилиш илм-фандаги аёллар салоҳиятини ошириш имконини беради, шунингдек глобал инновацион рейтингларда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини илгарилатишга хизмат қилади”, – деб таъкидлади.

HIVE лойиҳаси доирасида биринчи вебинарларни Коннектикут университети, Москва Олий иқтисодиёт мактаби ва Принстон университети олимлари очадилар. HIVE лойиҳасининг 2021 йилдаги биринчи натижалари иштирокчиларнинг ўз илмий мақолаларини North American Journal of Psychology, Energies, International Sociology, International journal of energy economics and policy, Tourism Review International ва бошқа бир қатор хорижий илмий журналларда чоп этишлари бўлди. HIVE лойиҳасининг қатор иштирокчилари Европа мамлакатларида халқаро илмий конференцияларда қатнашишга таклифлар олдилар.

Лойиҳа раҳбари Рауфхон Салахўжаев – Scopus ва Web of Science базасидаги энг етакчи журналларда чоп этилган 40 дан зиёд мақолалар муаллифи, ТДИУ ва АКФА университети профессори. Elsevier (Нидерландия) компаниясидан “Кўп иқтибос олинувчи олим” мукофотининг кўп бора совриндори ва илм-фанга қўшган ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали соҳибидир.

ТДИУ ректори, профессор Қўнғиротбой Шарипов HIVE каби ташаббусларнинг аҳамиятини юқори баҳолади, зеро ОТМ ўқитувчиларининг илмий тадқиқотларни илгарилатиш кўникмаларини ошириш таълим тизимининг академик салоҳиятини сезиларли кучайтириш ва ОТМларнинг халқаро рейтинглардаги мавқейини ошириш имконини беради.

Хотин-қизларни, уларнинг профессионал ривожланишини қўллаб-қувватлаш Coca-Cola’нинг бутун дунёдаги ижтимоий дастурларининг асосий устуворликлари қаторида бўлиб келган, — дея қайд этди Ўзбекистондаги The Coca-Cola Company жамоатчилик билан ишлаш ва коммуникациялар менежери Нози Орифжонова. – Хотин-қизлар, айниқса илмий фаолият билан шуғулланувчи аёллар ривожига ҳисса қўшиш – бу маҳаллий ҳамжамиятлар ривожланишига кўмаклашишнинг энг барқарор ёндашувидир. Биз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаганимизнинг сабаби – илм-фанни ривожлантириш узоқ муддатли глобал тренд бўлиб, HIVE, аёлларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, Ўзбекистоннинг халқаро илмий ҳамжамиятга интеграциясига ҳам хизмат қилади.

Лойиҳа иштирокчиларидан бири, ТДИУ катта ўқитувчиси Феруза Асқарова шундай дейди: «Ушбу ташаббусда иштирок этиш менга илмий тадқиқотлар ўтказишдаги ўз кўникмаларимни мустаҳкамлаш имконини берди. Натижада мен ўз илмий мақоламни қайта кўриб чиқиб, халқаро конференцияда қатнашиш учун юбора олдим».

HIVE дастурида қатнашиш учун лойиҳа сайтида ўз аризангизни рўйхатдан ўтказишингиз керак бўлади: http://hive.courses/.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top