11:13 / 19.09.2021
41946

Афғонистон: қизларга мактабга боришга рухсат йўқ, аёллар ҳуқуқларини чекловчи вазирлик тикланди

Афғонистонда ҳокимиятга қайтган толиблар болалар ва эркак ўқитувчиларга мактабларга қайтишга рухсат беришган, лекин қизлар ҳозирча мактабдаги машғулотлардан четлатилган.

18 сентябрдан болалар мактабга қайтишди. Қизлар эса ҳозирча уйда ўтиради. Асосий муаммо шу билан боғлиқки, энди қизларни фақат аёл ўқитувчилар ўқитиши мумкин, лаёқатли аёл ўқитувчилар эса жуда кам.

Янги ҳукуматнинг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид ҳукуматда қизларни синфхоналарга қайтариш бўйича режалар мавжудлигини маълум қилди, аммо айни вақтда «процедурани қайта ишлаш» жараёни, жумладан ўқитувчиларни тақсимлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан биргаликда, Афғонистондаги вазият ўтган асрнинг 90-йилларига қайтиши борасида хавотирлар бор, ўшанда бутун мамлакат бўйлаб аёллар таълимига тақиқ жорий этилганди.

Мактаблар фаолиятини 18 сентябрдан бошлаб тиклаш ҳақидаги расмий баёнотда барча эркак ўқитувчилар ва ўқувчилар ўз таълим муассасаларига қайтиши даркор экани кўрсатилган.

Ҳозирча қизлар фақат бошланғич синфларда ўқиши мумкин, масалан, Ҳиротда бунга рухсат берилган. Сурат 2021 йил 14 сентябрда олинган. Аммо улар таълимни ўрта мактабда ҳам давом эттириши ҳозирча аниқ эмас.

Афғонистонда 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар умумтаълим мактабларида ўқишади, уларнинг катта қисми бу даврда ўғил болалар ва қиз болалар учун алоҳида синфларда ўқишади.

BBC билан суҳбатлашган ўрта мактаб ўқувчи қизларидан бири энди унда таълим олишни давом эттириш умиди йўқлиги ва келажак қоронғилик остида қолганини айтиб ўтган.

«Ҳар тонгда уйғонаман ва ўзимдан сўрайман: менга яшашнинг нима кераги бор? Мен энди уйда ўтириб, менга уйланмоқчи бўлган одам эшик тақиллатишини кутишим керакми? Бу аёллар учун ҳаётнинг ягона мақсадими?» - дейди толиблар қайтишидан олдинги даврда ҳуқуқшунос бўлишни мақсад қилган қиз.

Унинг отаси эса онаси саводсиз бўлгани ва эридан доимий равишда сўкиш эшитганини айтади. «Мен қизим ҳам шундай ҳолатга тушишини истамасдим», дейди у.

Толибларнинг ўтган асрдаги ҳукмронлиги даврида қизлар фақат саккиз ёшгача ўқиши мумкин эди, шунда ҳам улар учун ягона фан Қуръонни ўрганиш бўлган.

Бошқа бир 16 ёшли мактаб ўқувчиси мактаблар қизлар учун қайта очилмаслигидан қўрқмоқда, чунки толиблар аввал бўлгани каби аёлларга таълим олиши керакмас деб ҳисоблаши мумкин.

Ҳафта бошида толиблар аёлларга университетларда ўқишга рухсат берилиши, аммо улар эркаклар билан бир хонада бўлмаслиги ҳамда янгича дресс-кодга амал қилиши кераклигини айтишганди.

Аммо гап шундаки, университетларнинг аксарида шунчаки аёллар учун алоҳида аудиториялар қилишга шароит йўқ. Бундан ташқари, агар қизлар ўрта мактабларга бора олишмаса, уларда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун етарли билимлар бўлмайди.

Толиблар ҳукумати ағдарилиши ва улар яна ҳокимиятга қайтиши орасидаги 20 йил вақт давомида Афғонистонда мактаб ўқувчилари бўлган қизлар сони нолдан икки ярим миллионга етганди, аёллар саводхонлиги даражаси 30 фоиз атрофида.

Бошқа томондан, бундай ўсишга асосан шаҳар аҳолиси ҳисобига эришилган.

Аёллар ишлари бўйича вазирлик (собиқ) биносида энди янги пештахта ўрнатилган, унда бу бино энди Фазилат ва нуқсонлар вазирлигига тегишли экани айтилган.

Ҳокимиятга қайтган толиблар Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари таъминланиши, бу фақат шариат қонунлари доирасида бўлишини айтишга шошилишганди.

Ҳозирча янги ҳукумат Хотин-қизлар масалалари вазирлигини ёпиб, унинг ўрнига Фазилатларни тарғиб қилиш ва нуқсонларга қарши курашиш вазирлигини тиклашди. 20 йил муқаддам бу вазирлик қатъий диний қоидаларни ижро этиш ва аёллар учун қаттиқ чекловлар қўйиш билан шуғулланган.

BBC’нинг Афғонистон бўйича корреспонденти Лиз Дусетнинг фикрича, толиблар етакчилари 20 йил ичида дунё ўзгаргани ва улар ҳам ўзгариши керак бўлганини тан олган бўлса-да, берилган ваъдалар ҳамда амалда олиб борилаётган сиёсат ўртасидаги тафовут тобора аёнлашиб бормоқда.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top