— Ўзбекистон ТИВ делегацияси Афғонистонга қайси мақсадлар билан борди?

— Афғонистон масаласи тарихан ҳам, ҳозир ҳам Ўзбекистон учун жуда муҳим. Фақатгина қўшнилик омили эмас, балки Афғонистон билан ҳамкорлик қиладиган бир нечта соҳаларимиз бор ва бу ҳамкорликни сақлаб туриш бизнинг стратегик манфаатларимизга тўғри келади.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистонга ташрифида бир нечта масалаларни муҳокама қилди. Биринчиси Трансафғон темирйўли, иккинчиси савдо-иқтисодий, маданий, ҳуманитар масалалар, учинчиси Ўзбекистон учун муҳим бўлган сув, Қўштепа канали масаласи муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёзилган баёнотда ҳаддан ташқари умумлаштиришлар бор. Иқтибос келтирсак: “Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган. Ичидан ўзинг хоҳлаганингни билиб олавер, деган ёндашувга ўхшайди. “Толибон” томони баёнотида эса учрашувда кўтарилган масалаларни бирма-бир санаб ўтган. “Толибон” ҳукумати ўрнатилганига кўп бўлмади, тан олинмаган ҳам, лекин Ўзбекистон мустақил бўлганига 30 йилдан ошган, ташқи сиёсатга жавобгар институтларнинг ёши ҳам шунга яраша. Шунга қарамай, бундай муносабат, бунга иккита ҳолат асосий сабаб деб ўйлайман: биринчиси ҳаддан ортиқ суҳбатдаги фикрларни яшириш; иккинчиси эса интеллектуал дангасилик. Фалон-фалон масалалар муҳокама қилинди, биз бундай позиция билдирдик деб баёнот бериш керак бўлаётган жараёнларга масъулиятни зиммасига олиб. “Толибон” томони шундай қилган.

“Толибон” биринчи навбатда иккала делегация қандай масалаларни илгари сурганини айтган. Хусусан, Афғонистон томони икки томонлама ҳамкорлик, савдо-сотиқ, транспорт масаласини илгари сурган. “Толибон” билан дипломатик алоқаларни янгилаш масаласи ҳақида айтилган. Бу дегани “Толибон” Афғонистондаги ҳукумат сифатида ўзининг расмий вакилини Тошкентда тан олинишини назарда тутувчи фикрни илгари сурган. Кейин афғон бизнес вакиллари ва ҳайдовчиларга виза бериш масаласи кўтарилган. Бундан ташқари, электр энергиясидаги узилишлар. Феврал ойида кучли қор ёғиши, аҳолининг электрга бўлган эҳтиёжи ортиши натижасида узилишлар бўлган, шу масала ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон томони нималарни илгари сургани ҳам айтилган. Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида хавфсизлик таъминланганидан мамнунлигини билдирган. Ўзбекистон томони Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўришини баён этган. Бу ростдан ҳам муҳим нуқта, қўшиламан бунга. Биз Афғонистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириб, транспорт коридорлари, геоиқтисодий, ташқи савдони кенгайтириш масалаларини қўядиган бўлсак, биринчи навбатда Афғонистон билан яхши муносабатларни йўлга қўйиш керак. Тарихий жиҳатдан ҳам, маданий, ҳуманитар жиҳатдан ҳам Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми.