19:19 / 20.09.2021
12590

Йил бошидан бери бензин ишлаб чиқариш ва импорт ҳажми ортишига қарамай нархлар 26,9 фоизга қимматлашган

Ўтган 8 ой давомида бензин ишлаб чиқариш 5,1 фоизга, жорий йилнинг 7 ойида давомида эса импорт ҳажми 4 баробарга ошган. Шу билан бирга маҳсулот нархи 26,9 фоизга ошган.

Фото: Global Look Press

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, республикада жами 729,4 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган.

Автомобил бензини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,1 фоизга ошган.

Энг кўп маҳсулот март ойида ишлаб чиқарилган – 106 минг тонна, энг ками эса июлга тўғри келади, 85,7 минг тонна.

Статистика жорий йилнинг 7 ойида 74,6 млн литр автомобил бензини импорт қилинганини кўрсатади. Импорт 4 баробарга ошган.

Айни шу даврда мамлакатда бензин ишлаб чиқариш 632,2 минг тоннага тенг.

Жорий йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга бензин сотаётган давлатлар кучли учлигини Россия (136,5 млн литр), Туркманистон (116,3 млн литр ) ва Қозоғистон (15,6 млн литр) банд қилиб турибди.

Ички ишлаб чиқаришга қарайдиган бўлсак, автомобил бензини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан республика миқёсида ишлаб чиқарилган автомобил бензинининг жами ҳажмида энг юқори улушлар Бухоро вилояти 78,8 фоиз, Фарғона вилояти 21,1 фоиз ҳамда 0,1 фоиз билан Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, жорий йил давомида бензин ишлаб чиқариш ҳажми ички бозорда ҳам ортган, импорт қилинган маҳсулот ҳажми ҳам кескин кўпайган. Шундай бўлишига қарамай ушбу маҳсулотнинг нархи ошишда давом этмоқда. Биргина август ойида бензин нархи 4,3 фоизга қимматлашган. Сентябрь ойининг бошидан буён Тошкентдаги аксарият ёнилғи қуйиш шохобчаларида импорт қилинган бензин нархи кўтарилган. АИ-95 маркали маҳсулот нархи 300-400 сўмга ошгани айтилмоқда.

Расмий манбаларга кўра, йил бошидан бери бензин нархи 26,9 фоизга, пропан нархи эса 19,1 фоизга қимматлашган.

Top