07:31 / 21.09.2021
2261

Навоийда боласини 85 млн сўмга сотмоқчи бўлган самарқандлик ота-она қўлга олинди

Навоийда самарқандлик икки фуқаро фарзандини 85 млн сўмга сотаётганда ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Оқтош шаҳарчасида яшовчи ота-она ҳали 2 ёшга ҳам кирмаган боласини 85 миллион сўмга сотмоқчи бўлишган. Чақалоққа харидор ҳам топилган. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро олдиндан 50 млн сўм, бир неча кундан кейин қолган 35 млн сўмни бериш шарти билан болани сотиб олмоқчи бўлган.  

Ота-она Кармана туманидаги “Темурбек” кафесида харидор билан учрашиб, 50 млн сўм пулни олаётганда Навоий вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ҳамда департаментнинг Кармана туманидаги бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олдинроқ Самарқанд шаҳрида 3 ёшли ўғлини сотмоқчи бўлган 19 ёшли қиз ва унинг онасига суд ҳукми ўқилганди.

Top