21:22 / 27.09.2021
2855

«Вақф» фонди фаолияти давомида диний таълим учун 10 миллиард сўмга яқин хайрия маблағларини йўналтирди

 «Вақф» фонди ўз фаолиятини бошлаган 2018 йилдан бошлаб бугунга қадар 10 миллиард сўмга яқин маблағни диний таълим соҳасига хайрия сифатида йўналтирган. Бу ҳақда бугун, 27 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда «Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров маълум қилди.

Ушбу маблағлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби ҳамда 10 та ўрта махсус Ислом билим юртлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланган.

Хусусан, 2018 йилда 723 миллион сўмдан ортиқ, 2019 йилда 2 миллиард 222 миллион сўм, 2020 йилда 1 миллиард 410 миллион сўм, 2021 йилда 2 миллиард 272 миллион сўм хайрия маблағлари ажратилган.

Шунингдек, пандемия даврида ҳукумат томонидан фондга ажратилган хайрия маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 133 миллион сўм диний таълим муассасаларига хайрия сифатида йўналтирилди. Фонд томонидан ушбу хайрли ишларни амалга оширишда Саудия Арабистони, Германия ва Туркия каби хорижий ҳамкорлар ҳам салмоқли ҳисса қўшган.

Умумий ҳисобда фонд ўз фаолиятини бошлагандан бугунга қадар жами 9 762 663 247 сўм диний таълим соҳасига хайрия сифатида йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда 2021 йилнинг биринчи ярмида «Вақф» хайрия жамоат фондига хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали 21 миллиард 315 миллион сўмдан ортиқроқ маблағлар келиб тушгани маълум қилинган эди.

2018 йил 16 апрелда президент фармони асосида ташкил этилган «Вақф» фондининг асосий вазифаларидан бири диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

 

Top