13:16 / 28.09.2021
6775

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида 8 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини маълум қилди

Фарғона вилоятида келгуси беш йилда 8 миллиард долларлик 11 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бунда, саноат йўналишида қиймати 5,7 миллиард долларлик 2 минг 600 дан зиёд лойиҳалар ҳисобига 115 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бу борада, энг аввало, инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш бўйича “пастдан-юқорига” тамойили асосида янги тизим йўлга қўйилади.

Ҳар бир туманда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқувчи “Лойиҳа гуруҳи”  ҳамда Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси иштирокидаги  “Ҳолдинг компания” ташкил этилади. Масалан, куни-кеча Фарғона шаҳрида биринчи бундай ҳолдинг компания фаолиятини бошлади.

Вилоятнинг ҳар бир тумани саноат тармоқларига ихтисослаштирилади. Хусусан, Ўзбекистон туманида – қурилиш материаллари, Қўштепада – тўқимачилик, Учкўприкда – электротехника, Қўқонда – чарм-пойабзал, Фарғона туманида – озиқ-овқат, Боғдодда – мебель ва қоғоз саноати, Бувайдада – темирчилик, Фарғона шаҳрида – нефть-кимё саноати кескин ривожлантирилади.

Ҳар бир туманнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, етакчи тармоқларга ихтисослашган саноат зоналари ва касбга ўқитиш марказлари негизида  саноат мактаблари ташкил этилади. 

Вилоятнинг локомотив соҳаси ҳисобланган нефть ва кимё саноатида жами 1,5 миллиард долларлик инвестициялар ҳисобига 93 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади.

“Фарғона азот”да қиймати 571 миллион долларлик 4 та йирик лойиҳани ўз ичига олувчи “кимё кластери” ташкил этилиши натижасида йилига 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 180 миллион долларлик экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Яна бир “драйвер” – тўқимачилик саноатида беш йилда 1,1 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, Қўштепа, Тошлоқ, Қўқон, Фарғона ва Бешариқ туманларида 1 минг 127 та лойиҳалар ишга туширилади ва 45 мингта янги иш ўринлари яратилади”, деди президентликка номзод.

Top