21:11 / 02.10.2021
13769

Олий таълим вазири ўқиш жараёнида сифат даври бошланаётгани ҳамда гипер контрактларни бекор қилиш ҳақида гапирди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Халқаро пресс-клуб сессиясида гипер контрактларнинг келгусида бекор бўлиши мумкинлиги, шунингдек, эндиликда олий таълимда сифат босқичи бошланаётгани ҳақида гапирди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Ўзбекистонда аксар ёшлар ўқишга киришда қайси ОТМнинг кириш балли пастлиги келиб чиқиб ёндашади. Бу – мақсадсизликнинг белгиси. Шундай бўлганидан кейин талаба бир йил ўтиб, ўқишини қаергадир кўчиришни ўйлайди.

Биз табақалаштирилган супер контракт ҳақида гапиряпмиз. Бу кимнидир наздида энг тўғри ечим эмасдир. Лекин биз шу йўлни қилмасак, бир чемодан пул кўтариб юрган одам боласини ўқитиш учун барибир қандайдир йўлларини излайди.

Кейинги йиллардан, балки, супер контрактни қолдирган тарзда гипер контрактни бекор қилармиз. Лекин йил ўтган сайин супер контракт тўлаб ўқиётганлар сони ҳам камайиб боряпти. Чунки квоталар ва ОТМлар ҳам кўпаймоқда», – деди вазир.

Абдуқодир Тошқуловга кўра, вазирликка хорижда ўқишга кириш осон, аммо битириш қийинлиги, Ўзбекистонда эса аксинча эканлиги борасида жуда кўп эътирозлар бўлади.

«Бизда бу йил пандемия ва имтиёзлар даври ўтди. Биз мана шу йилдан босқичма-босқич ўқиш жараёни оғир бўладиган йўналишга кирамиз.

Биласизми, ҳозир Ўзбекистоннинг қайсидир бурчагида бирор талаба курсдан қолса, вазиргача чиқишяпти. Одамини топишади, қариндошини топишадики, шуни ҳал қилмоқчи бўлади. Йўқ. Энди бу нарсалардан воз кечиш керак.

Ўша айтилаётган ривожланган давлатларда 70-80 фоиз бола бакалавр босқичини битира олади. Уларнинг аксарияти ўқишни 7-8 йилда битиради. Шунинг учун фақат пули бор одам ўқийдими, дейдиганларга айтмоқчиман, энди ўқиш қийин бўла борган сари улар ҳам қўшимча ўқиб атрофидагиларга етиб олади ёки курсдан қолади.

Энди сифатга қараб борадиган вақт келди», – дея вазир Абдуқодир Тошқулов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top