Жаҳон | 22:14 / 05.10.2021
7525
2 дақиқада ўқилади

Инсоният яқин келажакда сув инқирозига дуч келиши маълум қилинди

Олимларнинг хулосасига кўра, йигирма йилдан сўнг беш миллиарддан ортиқ инсон ичимлик суви танқислигига дуч келади.

Фото: UNICEF/Saleh Hayyan

Инсоният яқин келажакда сув инқирозига дуч келади. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ўтказган тадқиқот хулосасида маълум қилинди.

Тадқиқотда 20та халқаро ташкилот ва тадқиқот марказлари қатнашди. Уларнинг хулосасига кўра, йигирма йилдан сўнг беш миллиарддан ортиқ инсон ичимлик суви танқислигига дуч келади. 2018 йилда 3,6 миллиард киши сув танқислигидан азият чеккан.

Экспертларнинг фикрича, инсоният нафақат қурғоқчилик, балки сув тошқинларидан ҳам жабр кўрмоқда. ЖМТ бош котиби Петтери Тааласнинг эслатишича, 2020 йилда Осиёда юз берган ёғингарчиликлар Япония, Хитой, Индонезия, Непал, Покистон ва Ҳиндистонда сув тошқинлари келтириб чиқарган – оқибатда юзлаб одамлар ҳалок бўлган, миллионлаб инсонлар бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган. 

Олимлар сув ресурсларини бошқаришга зудлик билан катта маблағ йўналтириш орқали ҳалокатлар ва қурбонлар сонини қисқартириш мумкин деб ҳисобламоқда. 

Ҳозирда 107та давлат сув хавфсизлиги борасида муаммони бошдан кечирмоқда ва бу муаммолар 2030 йилгача ҳал бўлмайди. ЖМТ раҳбарининг қайд этишича, бу борадаги энг оғир вазият Марказий Осиё, Африка ва орол давлатларда юзага келган.

Маълумотларга кўра, охирги 50 йилда табиий офатлар оқибатида икки миллиондан ортиқ киши қурбон бўлган. Табиий офатлар етказган иқтисодий зарар ҳам 1970-йиллардаги 175,4 миллиард доллардан 2010 йилда 1,38 триллион долларга етган.