Синоптиклар Ўзбекистонда октябр ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди
Бу йил октябр ойи кескин совуқдан бошланди. Ҳудудга Россиянинг Европа ҳудуди Марказий қисмидан келган совуқ ҳаво массаси ҳаво ҳароратини бирданига 10-12 даражага пасайтирди. Кечалари термометр устуни 3-6 даражагача пасайди, Қорақалпоғистон шимолий ҳудудларида эса биринчи кузги совуқ кузатилди. Кундуз кунги ҳарорат 15-18 даража илиқдан ошмади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, шу ҳафта охиригача Россиянинг Европа қисми устида жойлашган кенг кўламли совуқ антитциклон таъсири сақланиб туради. Ўзбекистонда паст ҳарорат фонида ҳарорат бироз ўзгариб туриши кутилмоқда.
Булутли ва ёғингарчилик кузатиладиган об-ҳавода кундуз кунлари ҳарорат 13-16 даража илиққача пасаяди, ҳаво очиқ бўлганда эса 19-22 даража илиққача кўтарилади. Кечалари ҳарорат 5-10 даража илиқ атрофида бўлади. Биринчи ўн кунлик охиригача ўртача ҳаво ҳарорати ушбу давр учун меъёрий қийматлардан 2-4 даражага паст бўлади.
5 октябрда Ўзбекистон шимолида, 6 ва 8-9 октябрда республика марказий ҳудудларида ва Фарғона водийсида ёмғир ёғиши кутилмоқда. 6-9 октябрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда жадаллиги кучли бўлган ёмғир ёғади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши эҳтимолдан холи эмас. Ушбу кунларда тезлиги бироздан ўртачагача бўлган асосан шарқий йўналишдаги шамол эсади, шимолда ва чўл ҳудудларида 15-20 м/с гача кучаяди.
Сўнг, октябр ойи охиригача ҳарорат ўзгариб туриши кутилмоқда – энг иссиқ кунларда ҳарорат 22-27 даража иссиққача кўтарилади, энг совуқ кунларда ҳарорат 13-18 даража илиққача пасаяди. Кечалари ҳарорат 5-10 даража илиқдан 0-5 даража илиққача ўзгариб туради. Учинчи ўн кунликда баъзи жойларда 1 даража совуққача бўлиши мумкин. Октябр ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага паст бўлиши кутилмоқда.
Иқлимий меъёрларга асосан, Ўзбекистон жанубий вилоятлари бўйича октябр ойида 3 кундан 5 кунгача, қолган ҳудудларда 5 кундан 7 кунгача ёғингарчилик бўлади. Октябр ойида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, аммо кескин совуқ бўлишида ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши мумкин. Охирги марта 2018 йилнинг октябр ойида Тошкентда ёмғир қорга айланиши кузатилган.
Кечалари ҳаво ҳароратининг ўртача кўп йиллик қийматлари 6-11 даража илиқни ташкил этади, камдан кам ҳолларда октябр ойида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида биринчи кузги совуқлар кузатилади.
Октябр ойида ҳаво ҳарорати одатда 23-28 даража иссиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради. Баъзида ҳарорат ҳақиқий қийматлари ёки ёғингарчилик миқдори кўп йиллик давр учун ўртача қийматлардан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
Қайд этилишича, Тошкентда бутун бир асрдан кўпроқ метеорологик кузатувлар тарихида, айрим йилларда октябр ойида максимал ҳаво ҳарорати қийматлари 33-36 даража иссиққа етган. Октябр ойи ҳароратининг мутлақ максимуми 37,5 даража иссиқни ташкил этади, бундай ҳарорат 1941 йилда кузатилган.
Октябр ойида Тошкент учун минимал ҳарорат бўйича рекорд 11,2 даража совуқни ташкил этади, лекин бу ўтган асрнинг бошларида бўлган. Охирги 20 йилда Тошкентда минимал ҳарорат 1-2 даража совуқдан пастга тушмаган. 2015 йилнинг октябр ойида Тошкентда ойнинг 3,5 ёғингарчилик миқдори ёғган, бунда бир кунда бир ойлик меъёр (25 мм) кузатилган. Бу охирги 20 йил ичидаги энг ёғингарчилик кўп бўлган октябр ойидир. Аммо ўтган йил октябр ойида Тошкентда умуман ёғингарчилик бўлмаган.