20:42 / 06.10.2021
9581

Kun.uz танқидидан сўнг: маҳаллага ҳоким, қишлоққа сув, 5 қаватли “дом”ларга газ келди

Беш йилдан бери газсиз яшаб келаётган Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлар аҳолисига, Kun.uz'даги мақоладан кейин, газ улаб берилди. Ойбулоқликлар эса энди ариқдан сув ичмайди: маҳаллага ичимлик суви тортилди, симёғочлар алмаштирилди, яқинда йўлга асфальт ҳам ётқизилади.

Ўтган ойда Kun.uz Андижон шаҳар 3-кичик даҳадаги 5 та кўп қаватли уй беш йилдан бери табиий газдан мосуво экани ҳақида танқидий мақола эълон қилганди.

Шунингдек, Жалақудуқ туман Ойбулоқ маҳалласи аҳолисининг электр таъминоти ва ичимлик суви муаммосидан қийналаётгани бу камчиликларга ҳокимият вакиллари эътибор бермаётгани “Жалақудуқдаги ҳоким оёғи етмаган маҳалла: кучланиш 110 волт, ичимлик суви «качалка»да, таппи сероб” сарлавҳали мақолада ёритилганди.

Ҳўш, танқидий мақолаларимиз самара бердими? Биз яна ўша ҳудудларга бориб, мутасаддилар танқиддан қандай хулоса чиқаргани билан танишдик.

“Ҳокимият газ қувури тортди, уйларимизни ҳам таъмирлаб берди”

Андижон шаҳар Ўрикзор маҳалласидаги 3-кичик даҳа 40, 21, 21 “А” ва 44-уйларда мавжуд табиий газ таъминоти муаммоси ижобий якун топибди.

“Мақола интернет нашрида чиққанидан сўнг бешта кўпқаватли уйларимизга вилоят ва шаҳар ҳокимлиги,“Ҳудудгаз” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” идоралари ходимлари келишди. Аҳолидан пул йиғилмай, газ идораси томонидан 800 метр газ қувури тортилди.

Қувонарли томони, ҳокимлик уйларимизнинг фасадини таъмирлаб, томимизни ҳам тўғрилаб беряпти. “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси қиш олдидан барча электр кабелларини янгилаб, трансформаторларни кўрикдан ўтказди.

Мен, тўғриси, Ўзбекистонда муаммоларни матбуот орқали кўтариб чиқиб ҳал қила олиш имконияти борлигидан, эркин фикр айтиш ҳуқуқим борлигидан хурсанд бўлдим”, – дейди Светлана Акобжанова.

“Андижон шаҳар “Ҳудудгаз” корхонаси ходимлари келиб қувурларни тортишди, хонадонимиздаги газ плитасида газ ёняпти. Бундан ташқари, уйларимизнинг фасадларини ҳам таъмирлаб беришди. Танқидга ўз вақтида муносабат билдирган вилоят ҳокимига раҳмат айтаман. Уйларимизга иссиқ кирди”, – дейди Ҳанифа Раҳимова.

Андижон шаҳар “Ҳудудгаз” идораси бош муҳандиси Элёрбек Қозоқов айни пайтда муаммоли ҳолатдаги бешта кўпқаватли уйлардаги табиий газ таъминоти муаммоси 800 метр 76 диаметрлик қувур тортилгач ҳал бўлганини айтди.

Мутасадди қиш мавсумида ҳам кўпқаватли уйларда газ таъминоти меъёрида бўлиши учун газ тақсимлаш ускуналари ҳам таъмирдан чиқарилганига алоҳида урғу берди.

Ойбулоқ аҳолиси: “Ҳоким келгач, ичимлик суви, трансформатор келди. Симёғочлар ўрнатишяпти”

Жалақудуқ туманининг чекка Ойбулоқ маҳалласига борганимизда туман ҳокимлиги, ҳудудий сув таъминоти ва электр таъминоти мутасаддилари ҳам ўша ерда экан. Кўчага янги бетон таянчлар ўрнатилибди, янги трансформатор ҳам келибди.

Кўчанинг ярмига ичимлик суви ҳам тортилибди. 30 йил давомида зах зовурдан сув ичиб келган аҳоли жуда хурсанд.

“Қарангки, маҳаллага туман ҳокими келиб дардларимизни тинглади. Аҳоли бор муаммоларни айтгач, ишлар бошланиб кетди. 30 йиллик муаммомиз ҳал бўлиб, кўчамизга ичимлик суви келди. Тоза сув ичяпмиз. Бетон “столба”лар келди. Шу кунларда кўчани асфальтлаш ҳам бошланади. Хурсандмиз”, – дейди Муҳаммадқодир Ҳошимов.

Туман “Сув таъминоти” корхонаси раҳбари Қаҳрамонжон Турғунов кўчанинг ярми Дўнгқишлоқ маҳалласи орқали икки ҳафта ичида тўлиқ сув билан таъминланишини айтди.

Хулоса ўрнида

Матбуотнинг вазифаси – халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлиш. Тўғриси, Андижон вилояти ва Жалақудуқ туман ҳокимлигининг танқидий мақолага муносабат билдириб, муаммоларни зудлик билан бартараф қилишга урингани эътиборга молик. Ҳар икки маҳалла аҳли ҳокимлик вакилларига ўз миннатдорчиликларини билдириб қўйишимизни сўрашди.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Top