12:00 / 10.10.2021
20696

Ливан зулмат ичида қолди. Бутун мамлакат бўйлаб чироқ ўчган

Ёнилғи етишмовчилиги туфайли иккита йирик электростанция фаолияти тўхтаб қолгач Ливан зулмат қаърига чўмди. Ливанда бундай блэкаутлар доимий равишда рўй бериб туради, ўтган ҳафта дам олиш кунларида ҳам ток ўчиб қолганди, аммо бу сафаргисининг кўлами анча жиддий кўринмоқда.

Чироқ ёқилган уйларнинг дизел генератори учун пули бор / Getty Images

Électricité du Liban давлат компанияси муаммони ечишга ҳаракат қилиб кўради, аммо компания свет яна бир неча кун давомида ёнмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган. Ҳукумат ҳарбийларнинг захирасидаги ёнилғидан фойдаланмоқчи, аммо улар буни қачон олишлари номаълум.

Ливанликлар электр таъминотидаги бундай узилишларга кўникиб кетишган, Байрутнинг кўплаб туманларида ҳар куни бир неча соатлаб ток бўлмайди, баъзида бир кунда 22 соат давомида свет ёнмаган вақтлар бўлган. Кўплаб ливанликларнинг уйида дизел генераторлари ўрнатилган, аммо дизел ҳам дефицит бўлиб қолгач, бугунги кунда ундан фойдаланишни фақат бадавлат кишиларгина ўзларига раво кўришлари мумкин.

Электр таъминотидаги узилишлар одамларнинг кундалик ҳаётига таъсир қилмай қолмайди.

«Мен фақат бир нарса ҳақида ўйлайман - оғир иш кунидан кейин қандай қилиб еттинчи қаватдаги квартирамга зиналар орқали кўтарилиб олишни», дейди Байрутдаги хусусий шифохоналардан бирининг ходими бўлган 60 ёшли Сюзан Шарафиддин Middle East Eye газетасига берган интервьюсида.

Ливан ҳукумати ёнилғи учун субсидия беришдан бош тортган, электр энергияси учун нархлар осмонга чиқиб кетган, одамлар бутун маошини дизел генераторлари туфайли ёзилган ҳисобларга тўламаслиги учун ток кучини сезиларли даражада камайтиришга мажбур бўлишган.

«Қўшниларим ҳам шундай қилишади, бошқарувчи компания эса харажатларни қисқартириш учун лифтни ўчириб қўйган», дейди аёл.

Газетанинг яна бир суҳбатдоши, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўкон эгаси маҳсулотлар ассортиментини қисқартиришга мажбур бўлганини айтиб ўтган.

Фақат дизел генератори ишлата оладиганларникида свет бор / REUTERS

«Мен энди сут маҳсулотлари сотмаяпман, умуман электр узилса айниб қоладиган маҳсулотларнинг барчасини олиб ташладим. Тасаввур қилинг, харидорларимдан бирортаси - уларнинг бари қўшнилар ёки дўстларим - менинг дўконимдан харид қилинган бузилиб қолган маҳсулотдан заҳарланса?» дейди сотувчи.

Тарихдаги энг оғир инқироз
Энергетик инқироз - Ливандаги иқтисодий муаммоларнинг фақатгина бир қисмидир. Аҳоли бензин, дори-дармон ва ҳатто ичимлик суви етишмаслигидан ҳам азият чекмоқда. Ливан аҳолисининг ярмидан кўпроқ қисми қашшоқликда яшайди, мамлакат ташқи қарзи 90 млрд долларни ташкил этади. Мамлакатда расмий курсга кўра 1 доллар 1500 ливан фунти турса-да, кўчадаги курс бир доллар учун 20 000 минг фунтга чиқиб кетган.

Жаҳон банки Ливандаги молиявий ва иқтисодий инқирозни сўнгги 150 йилдаги дунёдаги энг оғир вазият деб атаган.

Иқтисодий инқирозга сиёсий инқироз қўшилган: мамлакат бир йилдан ошиқ вақт ҳукуматсиз яшади, янги бош вазирни сайлашганига бир ой бўлди.

Яшаш шароитлари оғирлашиши ливанликларни кўчаларга чиқишга ундайди, халқ норозилиги бемисл даражага етган, мамлакатда 2019 йилдан буён намойишлар тўхтамайди.

Икки йирик электростанция «Ал-Заҳроний» (фотода) ва «Дейр-Аммар» ёнилғи етишмовчилиги туфайли ишлашдан тўхтаган, бу БААдан мазут етказиб берилиши кечикиши ортидан рўй берган / AFP

Шанба куни мамлакатдаги иккита йирик электростанциялар - «Ал-Заҳроний» ва «Дейр-Аммар» Бирлашган Араб Амирликларидан мазут етказиб берилишидаги узилиш туфайли ишлашдан тўхтаб қолди.

Ёнилғи етишмовчилиги ҳақида Électricité du Liban сентябрдаёқ огоҳлантирган, ўшанда мазут захиралари тугаб бораётганди. Ливаннинг энергия истеъмоли 3500 Мвт ҳисобланади. Давлат компанияси 2200 Мвт ишлаб чиқариш қувватига эга, аммо ҳозирда бу қувватлар ҳам тўлиқ ишламаяпти.

Сентябрь ойида Ливанга Яқин Шарқдаги қўшни давлатлар ёрдам таклиф этган - Миср, Иордания, Сурия ва Ливан энергетика вазирликлари Сурия ҳудуди орқали Мисрдан газ ва Иорданиядан электр энергиясини газ қувурлари ва электр энергияси узатиш линиялари орқали етказиб беришни тиклашга келишиб олганди.

Ўтмишда Ливаннинг энергетик талаби асосан Сурия ҳудуди орқали келган Миср гази билан ишлайдиган ИЭС орқали таъминланган. Аммо Суриядаги ўн йиллик уруш туфайли газ қувурлари ва насос станциялари 10 йил мобайнида ишламади ва айни вақтда уларни текшириш ва эҳтимол таъмирлаш зарур бўлади.

Ливанда амалда ҳукуматни бошқариши айтиладиган «Ҳизбуллоҳ» радикал ҳаракати ҳам параллел равишда Эрон билан мамлакатга ёнилғи етказиб бериш бўйича келишиб олган.

Top