Жаҳон | 00:24 / 13.04.2024
28383
3 дақиқада ўқилади

Ливандан Исроил томон ўнлаб ракеталар учирилди 

Исроил шимолида бир неча бор ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш сигнали берилди.

Фото: Reuters

Исроилга Ливандан 40 га яқин ракета учирилди, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) матбуот хизмати.

Департаментнинг таъкидлашича, ракеталарнинг бир қисми уриб туширилган, қолганлари эса кимсасиз ҳудудларга қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.

ЦАҲАЛ қўшимча қилишича, Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари аввалроқ иккита дронни уриб туширган. Бундан ташқари, сўнгги бир неча соат ичида Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги нишонларга бир неча бор зарбалар берди, дейилади пресс-релизда.

Исроилнинг The Times of Israel нашри «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қилинган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди, деб ёзди. Гуруҳ Исроил артиллерия позицияларига «ўнлаб» ракеталар отганини даъво қилмоқда.

ЦАҲАЛ хабарига кўра, Исроил шимолида камида икки марта ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Интернетда Исроил ҳаво мудофааси ишини акс эттирувчи видеолар ҳам пайдо бўлди.

1 апрел куни Исроил авиацияси Суриянинг Дамашқ шаҳридаги Эрон консуллигига зарба берди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан «Қудс» кучлари қўмондони генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳалок бўлди.

Зарбадан сўнг Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилни назарда тутиб «сионистик режим жазоланишини» айтди. Кейинроқ Хоманаийнинг ҳарбий маслаҳатчиси Исроил элчихоналарининг ҳеч бири «энди хавфсиз эмас» деб таҳдид қилди.

АҚШ президенти Жо Байден 11 апрел куни Эрон ўз қўмондонларининг ўлдирилишига жавобан Исроилдаги нишонларга зарба беришни режалаштираётган бўлиши мумкинлигини айтди. Шундан сўнг, Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчихонаси ўз ходимларига «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Қуддус, Тел-Авив ва Беэршебадан ташқарига чиқмасликни буюрди.

Axios манбаларига кўра, агар Вашингтон Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятга аралашса, Эрон минтақадаги АҚШ базаларига ҳужум қилинишидан огоҳлантирган.

Мавзуга оид