13:06 / 12.10.2021
8706

Термиз шаҳридаги янги қурилган икки қаватли уйларнинг канализацияга уланмагани аҳолини сарсон қилмоқда

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат Термиз шаҳри Мангузар маҳалласида яшовчи аҳоли томонидан йўлланди. Мурожаатда ёзилишича, маҳалладаги янги қурилган 8 та икки қаватли уй канализация тармоғига уланмагани учун уларда яшовчи фуқаролар сарсон бўлмоқда.

Мурожаатда маълум қилинишича, президентнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида» ПҚ-2639-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Термиз тумани Мангузар маҳалласи ҳудудида 8 дона 16 хонадондан иборат 2 қаватли уй-жойлар қурилган. Кейинчалик мазкур уйлар қурилган маҳалла Термиз шаҳар ҳудудига ўтказилган.

Қайд этилишича, мазкур уй-жойлар марказий канализация тармоғига уланмагани сабабли, ҳар бири 16 хонадондан иборат 2 қаватли уй учун алоҳида махсус чуқур (яма)лар ташкил қилинган. Ушбу чуқурлардаги оқова ва чиқинди сувларни хонадонларда яшовчи фуқаролар пул йиғиб махсус автотранспорт воситалари орқали оғзаки келишувга асосан тозалатиб келишган.

Мурожаатчиларнинг ёзишича, бугунги кунда мазкур хонадонларда яшовчи айрим фуқаролар пули йўқлигини, уй бўш турганини айтиб пул бермаяпти. Оқибатда чуқурлар тўлиб, оқова ва чиқинди сувлар ер устига сизиб чиқмоқда ва ундан таралаётган ўткир бадбўй ҳид ён-атрофга таралиб, одамлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидланишича, бугунги кунда бу ерда аҳоли 1 метр куб сув учун 1200 сўмдан тўлаб келмоқда. Фақат бир марта 2021 йилнинг февраль ойи охирларида «Вилоят сувоқова» хизматиданмиз» деб бир шахс келиб, 1 метр куб сув учун 2000 сўмдан тўлашса оқова ва чиқинди сувларни ўз вақтида махсус транспорт воситалари орқали тортиб, тозалаб кетишларини айтган. Бироқ ушбу фуқаро шу билан қайтиб келмаган.

Шундан сўнг аҳоли Сурхондарё сув таъминоти МЧЖ ва Термиз шаҳар ҳокимлигига муаммо юзасидан мурожаат қилган. Мурожаатга жавобан Сурхондарё сув таъминоти МЧЖ Мангузар маҳалласидаги 2 қаватли уйлар канализация тармоғига уланмагани учун аҳоли ва ушбу ташкилот ўртасида икки томонлама шартнома тузилиши лозимлиги айтилган.

Термиз шаҳар ҳокимлиги эса Мангузар маҳалласида жойлашган 2 қаватли уйларни марказлашган канализацияга улаш лойиҳаси тайёрлаш жараёнида эканини маълум қилган. Шаҳар ҳокимлигининг жавоб хатида лойиҳа қачон тайёр бўлиши ва қачон амалга оширилиши ҳақида аниқ саналар кўрсатилмаган.

«Атроф бадбўй ҳид билан тўлгани учун кун-у тун деразаларимизни ёпиб яшашга мажбур бўлмоқдамиз. Ҳолат юзасидан бир неча маротаба вилоят, туман мутасадди раҳбарларига мурожаат қилдик, бироқ мурожаатларимиз бесамар кетмоқда. Ушбу жараённи мувофиқлаштирувчи, пул бермайдиган айрим фуқароларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш ваколатига эга бирор бир мутасадди давлат идораси топилмаяпти. 3 йилдан бери оғир аҳволда яшаб келмоқдамиз.

Ушбу ҳолат қайси давлат идораси зиммасига юклатилганлиги, кимнинг назоратида эканлиги, қонуний ечими мавжудми каби саволлар ҳали-ҳанузгача очиқлигича қолиб кетмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур ҳолатнинг ечими юзасидан ваколатингиз доирасида кўриб чиқилиши ҳамда қонуний ечим топилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз», дейилади мурожаатда.

Ўйлаймизки, Термиз шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилот мутасаддилари Мангузар маҳалласидаги 2 қаватли уйларда яшовчи фуқаролар дуч келаётган муаммонинг ечими чораларини кўради.

Top