07:54 / 14.10.2021
8719

Қамчиқ довонида «Спарк» йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетди

Жорий йилнинг 12 октябрь куни соат 18:30ларда Қамчиқ довонининг 240-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилмоқда.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қайд этилишича, Тошкент-Водий йўналишида ҳаракатланган «Спарк» русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетган.

Зудлик билан воқеа жойига Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари, йўл-патруль хизмати ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келишган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қутқарувчилар томонидан махсус асбоб-анжомлар ёрдамида автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи чиқариб олиниб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Шундан сўнг махсус автокран ёрдамида сув ўтказувчи иншоотдан автомашина чиқариб олинди. 

“Қутқарувчиларнинг тезкорлик билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида икки инсон ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳозирда шифокорлар томонидан енгил тан жароҳати олган иккала фуқарога ҳам уйига жавоб берилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчилардан довон орқали ҳаракатланганда барча хавфсизлик чораларини кўришларини сўраб қолади”, дейилади маълумотда.

Top