20:30 / 14.10.2021
3839

Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олганидан буён ушбу интеграциявий бирлашманинг Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган учинчи саммити бўлди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган саммитда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

Йиғилиш кун тартибидан кўп томонлама иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо, саноат кооперацияси, транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт ва бошқа устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни илгари суриш масалалари ўрин олди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари — ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, пандемия шароитларида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланди. Евросиё иқтисодий комиссияси билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди, қўшма ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, Евросиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим эканини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма «йўл харита»сини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди. Тошкент шаҳрида ҳар йили «Иннопром — Марказий Осиё» саноат форумининг ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади.

Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил сифатида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим эканига эътибор қаратди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича «Агроэкспресс» лойиҳасига қўшилишга таклиф этди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг алоҳида долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш орқали соҳадаги ҳамкорликнинг янги нуқталарини излаш муҳим эканини таъкидлади.

Ўзбекистон ЕОИИ доирасидаги рақамли трансформация жараёнларида иштирок этиш, амалий тажриба алмашиш ва илғор технологияларнинг ўзаро трансферидан манфаатдор экани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев экология масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар зарур эканини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти ҳамкор мамлакатларни Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди ҳамда келгуси йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ўтказиладиган «Яшил» энергетика бўйича халқаро форумга таклиф этди.

Бундан ташқари, бирлашма доирасида яратилган Иқлим масалалари бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон етакчиси сўзининг якунида саммит якунлари ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни илгари суришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Top