12:55 / 18.10.2021
4830

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш масаласида музокара олиб бормоқда

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигидаги вакцина билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш масаласида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигидаги вакцинани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан рўйхатдан ўтказиш учун керакли ҳужжатлар тақдим этилган. 

“Агар ЖССТ ушбу вакцинани тан олиб, эътироф этадиган бўлса, бу масала табиийки ечилади. Ҳозирда Диний қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Саудия Арабистони расмийлари билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. 

Айни вақтда Саудия Арабистони ўзбек-хитой вакцинасини тан олмаётган бўлса, балки ЖССТ гибрид вакцинацияни, яъни битта вакцина олгандан кейин яна иккинчи бир вакцинани олиш ва уни муддатини белгилаши мумкин бўлади. Шунга қараб муносабат билдирилади”, деди Нурмат Отабеков. 

Унинг айтишича, аҳолини эмлаш ва фуқароларда иммун тизимини шакллантириш бу тиббиётнинг вазифаси, уни тан олинишига эришиш вазифаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг зиммасида бўлиши керак.

Аввалроқ, Саудия Арабистони ҳукумати 17 октябрдан очиқ жойларда ҳимоя ниқоби тақиш режимини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди

Сентябр ойи ҳолатига кўра, аҳолиси 35 млн кишини ташкил қилувчи Саудия Арабистонида коронавирусга қарши 40 млнта вакцина қўлланган. Мамлакатда 4 та вакцина - Moderna, Johnson & Johnson, AstraZeneca ва Pfizer/BioNTech вакциналари қўллашга маъқулланган.   

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, подшоҳликда айни вақтда касалланиш январ ойидан бери энг паст даражада.

Top