15:30 / 19.10.2021
18538

Суюлтирилган газ билан таъминлашдаги ID-карта: коррупция ва хўжасизликка барҳам берувчи тизим

XXI аср — ахборот асри. Рақамлаштириш, ID-карталар жорий қилиш кўплаб соҳаларни қамраб олмоқда. Жумладан, аҳолини табиий газ билан таъминлаш тизими ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.

Суюлтирилган газ баллонларига штрих-кодли стикерлар ёпиштирилмоқда, албатта, уларнинг ҳисобини тўғри юритиш учун. Истеъмолчилар эса бугунга келиб газ учун тўловни нақд пулларсиз, ID-карта воситасида амалга оширишмоқда.

Соҳадаги бу янгилик бугун қандай ишлаётгани билан танишиб, айрим саволларга жавоблар олишга ҳаракат қилишга қарор қилдик.

Маълумки, табиий газ узатиш имконсиз бўлган узоқ ҳудудларга суюлтирилган газ баллонлари етказилади. Тан олиш керак, яқин-яқингача газ баллонларини етказиб бериш билан боғлиқ эътирозлар аҳоли томонидан тез-тез билдириб турилар эди.

Эътирозлар асосан газ учун белгиланган тўловдан ортиқча ҳақ олинаётгани, газ баллонларига белгиланганидан камроқ газ қуйиб берилаётгани, газ таъминоти ўз вақтида амалга оширилмаётгани, маҳаллада 4–5 талаб газ баллони бўлган оилалар уларни бирваракайига алмаштириб, бошқаларга газ етмай қолаётгани хусусида бўлар эди.

Энди соҳани модернизация қилиш натижасида газ баллонларини аҳолига етказиб бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Биз Қўшработ туманида 2020 йилда янгидан барпо этилган газ тўлдириш шохобчасида бўлиб, ишлар қандай ташкил қилингани билан танишдик. Бу ердан Қўшработ тумани халқига тўлиқ, шунингдек Иштихон туманининг яқин аҳоли пунктларига газ ташилар экан.

«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали суюлтирилган газ сотишни мувофиқлаштириш бўлими етакчи муҳандиси Акбар Жаванов шундай деди:

«Филиалимиз томонидан 498 минг 780 та суюлтирилган газ истеъмолчиларига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг 498 минг 397 таси аҳоли истеъмолчилари, 397 таси ижтимоий соҳа объектлари ҳисобланади. Филиалимиз тасарруфида 8 та газ тўлдириш шохобчаси бор. Уларнинг иккитаси хусусий бўлиб, улардан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келмоқдамиз», – деди А.Жаванов.

Шохобчада баллонларга газ тўлдириш жараёнида ҳар бир газ баллонида белгиланган меъёрда, ўлчанган ҳолда 20 килограмм газ солинаётганини кўрдик.

Тизимдаги энг катта янгилик — истеъмолчилар фақат ID-карта воситасида тўловни амалга ошириш имкони яратилгани бўлди. Газ учун аввалгидек нақд пулда тўлов қилиш мумкин эмас. Инспекторлар томонидан фуқаролардан нақд пул олинган тақдирда ҳам уни банкка кирим қилиб бўлмайди. Чунки жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Акбар Жавановнинг айтишича, ID-карта тизимини жорий этишдан кўзланган бош мақсад — соҳада коррупциявий омилларга барҳам бериш, аҳолини суюлтирилган газ билан адолатли тарзда, тенг ва ўз вақтида таъминлаш.

Бу тизимдан фойдаланилаётганига икки ой бўлган бўлса, аллақачон ўзининг ижобий самарасини бера бошлаган. Жумладан, аҳолидан тушаётган шикоятлар сони камайган.

Биз Қўшработ ва Иштихон туманидаги айрим маҳаллаларда газ қандай тарқатилаётганига гувоҳ бўлдик.

Аҳоли вакилларининг айтишича, ID-карта тизими йўлга қўйилгач, етказиб берилган газ учун ортиқча тўлов қилиш тўлиқ барҳам топган.

Тизим қандай ишлайди?

Маҳаллаларга газ етказилишидан маҳаллий телеграм каналлар орқали маҳалла фуқаролар йиғини раиси 1 кун олдин огоҳлантирилади. Фуқаролар шу куни ID-картаси ҳисоб рақамига пул қўйишади. Эртаси куни 20 кг газ учун 22 минг 400 сўм ечиб олинади. Етказилган газ баллонидаги штрих-код сканер қилинади.

Хонадонга қачон қайси газ баллони етказилгани, неча сўм ечиб олингани қайд этилади ва бу маълумотларнинг барчаси шаффоф. Фуқаро махсус иловадаги шахсий кабинетида тўловлар ва бошқа маълумотларни кузатиб бориши мумкин.

Энг характерлиси — бир ID-картадан 1 ой давомида битта тўловни амалга ошириш мумкин. Масалан, ID-карта ҳисоб рақамига кўпроқ пул тушириб олиб, ўнлаб газ баллони учун тўлов қиламан деганлар адашади.

Бу йўл билан газ баллонларнинг аҳолига тенг тақсимланиши, барчага бирдек етиб боришига эришилган. Фақатгина аҳоли зич жойлашган Ургут каби туманларда бир рўзғорда алоҳида-алоҳида 2-3 та ошхона бўлсагина уларнинг ҳар бири номига расмийлаштирилган алоҳида газ баллони берилади. Қолган ҳолатларда битта хонадонга белгиланган муддат ичида фақат бир дона газ баллони алмаштириб берилади.

Айни пайтда фуқароларнинг хонадонларига уйма-уй юриб газ тарқатилмоқда. Аввалгидек, маҳаллаларда бир кишининг хонадонида газ баллонларини тўплашдек хавфли амалиётларга ҳам чек қўйилган.

Газ баллонларига ёпиштирилган штрих-кодли стикерлар баллонлар айланмасини кузатиш учун қилинган.

Албатта, ID-карта орқали тўлов қилиш учун аҳоли электрон тўлов тизимларини ўзлаштириши талаб этилади. Бу борада ҳам соҳа ходимлари томонидан аҳолига тушунтириш бериб борилмоқда. Масалан, газ баллонларидаги штрих-кодли стикерларга зарар етказмаслик, ID-карталарни йўқотиб қўймаслик ҳам тушунтирилмоқда.

Фуқаролар агар исташса, газ баллони белгиланган миқдорда тўлдирилганига ишонч ҳосил қилишлари учун келтирилган газ баллонини электрон тарозида ўлчаб олишлари мумкин. Тарози маҳаллаларда газ тарқатиш билан шуғулланадиган ҳар бир автомашинада бор.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ–6079-сонли фармони ижроси доирасида амалга оширилган мазкур ишлар ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, республика бўйлаб суюлтирилган газ таъминоти тизими рақамлаштириши натижасида йилига 3,5 тонна қоғоз иқтисод қилинмоқда. Боз устига, соҳада ўз-ўзидан тамагирлик, коррупция, ўғриликлар, газдан хўжасизларча фойдаланишдек иллатларга чек қўйилиши баробарида, аҳолидан тушадиган шикоятлар ҳам кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

Истеъмолчилар муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳи хулосасига кўра, биргина Самарқанд вилоятида маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида, 12 минг дона маиший газ баллонлари етказиб берилган. Ҳозирги вақтда вилоятнинг таъминланганлик даражаси 112 фоизга етказилиб, ҳудудларда 1,5 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари захираси яратилган.

Хулоса қилиш мумкинки, маиший газ баллонларини етказиб беришда янгича автоматлаштирилган тартибга ўтилгани тизимда шаффофликни таъминлабгина қолмай, турли тамагирлик ҳолатларига чек қўяди, хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига хизмат қилади. Ҳаттоки газ истеъмолининг иқтисод бўлишига олиб келади. Бундан эса барча ютади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев Ⓣ

Top