Бугунги кунда андижонлик газ истеъмолчиларининг 471 мингдан ортиғини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этмоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 74 минг 75 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Асака”, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаларида оғир қолдиқ тўкиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

“Ёз кунларида кунига ўрта ҳисобда 30–40 дона газ баллонидан оғир қолдиқларни тўксак, куз-қиш мавсумида бу сон 100–120 донани, баъзида 150 донани ҳам ташкил этади, – дейди “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасининг оғир қолдиқ тўкувчи чилангари Муҳаммадали Мамасолиев. – Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир тўкилаётган маиший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади”.

Ўтган йил давомида “Асака” газ тўлдириш шохобчасида 432 минг 665 дона маиший газ баллонларидан 22.34 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлиб, шундан 21.57 тоннаси утилизация қилинган.  “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасида 2021 йилда 793 минг 842 дона баллондан 43.18 тонна оғир қолдиқ тўкилганини кўрсатмоқда. “Шаҳрихон” ГТШда эса ўтган йил давомида 480 мингга яқин маиший газ баллонга суюлтирилган газ тўлдирилди. Шундан 464 минг 879 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 33.4 тоннани ташкил этиб, шундан 31.36 тоннасини утилизация қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали “Ширин газ сервис” ва “Пойтуғ” газ тўлдириш станциялари хизматидан фойдаланади ва у ерда ҳам ҳар бир маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган.  Ўтган 2021 йилда вилоят бўйича 3 миллион 431 мингдан ортиқ маиший газ баллонлардан оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлса, жорий йилнинг 1-чорагида 1 миллион 154 минг 692 дона баллон оғир қолдиқдан бўшатилган.