20:09 / 20.10.2021
1597

Самарқандда жорий йилда экология соҳасида содир этган қоидабузарликлар учун 3741 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга чора кўрилган

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Самарқанд вилоятида жорий йил 9 ойда экология соҳасида содир этган қоидабузарликлар учун 3741 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга чора кўрилган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Қайд этилишича, бугун 2021 йил 20 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Матбуот уйида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ўтказилган.

Унда бошқарма бошлиғи А.Раимжанов ҳамда масъул ходимлар экология соҳасидаги янгиликлар, жумладан, атроф-муҳитни асраб авайлаш, вилоятда экологик вазиятни яхшилаш борасида ўтган 9 ой мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда кутилаётган ўзгаришлар юзасидан маълумот бериб ўтган.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2021 йил 9 ой давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 3741 та профилак тезкор тадбирлар ва рейдлар ўтказилган. Натижада аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан 3741 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга жами 2 миллиард 141 миллион сўм жарима солинган. Ҳозирда жарималарни ундириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 227 та ҳолатда 588 миллион 551 минг сўм табиатга етказилган зарар аниқланган.

Top