Жаҳон | 17:57 / 25.10.2021
3951
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Афғонистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда

Евроиттифоқ вакили Набила Массралининг айтишича, ҳозирда Афғонистонга ЕИ даражасидаги дипломатик қайтиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Фото: Getty Images

Евроиттифоқ бир ой ичида Афғонистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда, деб ёзади Financial Times ўз манбаларига таяниб.

Уларнинг сўзларига кўра, Кобулда Европа ташқи алоқалар хизмати офиси очилиши мумкин.

Евроиттифоқ Афғонистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гуманитар инқирознинг олдини олишда ёрдам бериш ва мамлакатнинг терроризм экспортёрига айланишининг олдини олиш керак деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, ЕИ Афғонистон ҳукумати қулаганидан сўнг ҳам ўз элчихоналарини ёпмаган ҳамда «Толибон» билан мулоқот ўрнатган Хитой, Россия ва Туркиянинг ҳаракатларига ҳам жавоб қайтармоқчи, деб ҳисоблайди газета.

Financial Times манбаларидан бирининг сўзларига кўра, ЕИ ўз дипломатик ваколатхонасини қўриқлаш учун Европадаги хусусий қўриқлаш корхоналари хизматидан фойдаланиш борасида толиблар билан келишишга уринган, аммо толиблар бунга рози бўлмаган.

Евроиттифоқ вакили Набила Массралининг айтишича, ҳозирда Афғонистонга ЕИ даражасидаги дипломатик қайтиш масаласи муҳокама қилинмоқда, алоҳида мамлакатларнинг дипломатик алоқаларни тиклаш масаласи эса уларнинг ихтиёрида. Дипломатик миссиянинг қайтиши «Толибон»нинг Афғонистондаги қонуний ҳукумат деб тан олинишини англатмайди, деб таъкидлади у.  

Мавзуга оид