17:52 / 28.10.2021
12616

119та жиноятни очган ақлли овчаркалар. Андижон ИИБ кинология хизматидан репортаж

Kun.uz мухбири Андижон вилояти ИИБ кинология хизматида бўлиб, хизмат итлари билан қандай машғулотлар олиб борилишини тасвирга туширди.

Ички ишлар тизимида кинология хизмати фаолият юритади. “Кинология” сўзи қадимги юнон тилида “Итлар ҳақидаги фан” деган маънони билдиради. Хизмат итлари ички ишлар ходимларига жамоат тартибини сақлаш, содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, уларни иссиқ изидан фош этиш ва яна кўплаб ҳолатларда яқин кўмакчидир.

Биз Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси Пост-патрул хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг кинология хизматини мувофиқлаштириш бўлимидамиз.

Бизга айтишларича, бўлимда хизмат қилаётган хизмат итлари ўтган йил давомида 119 та жиноятни очишда ёрдам берган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Андижон вилояти ИИБ тасарруфидаги кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимимизда 50дан зиёд хизмат итларимиз бор. Хизмат итларимиздан жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни изидан фош этишда, қолаверса автовокзаллар, вокзаллар ва аэропортларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фойдаланиб келинмоқда.

Фото: Kun.uz

Биз бу хизмат итларимиз билан из қидирув йўналиши, гиёҳванд воситалари, портловчи моддаларни қидириб топиш, антитеррор йўналишларида мунтазам равишда машғулотлар ўтказиб турамиз. Натижада уларда ўзига хос кўникма шаклланади”, – дейди инструктор-кинолог Машъалбек Шаҳобиддинов.

Бўлимдаги итлар асосан немис овчаркаси зотидан бўлиб, сўнги йилларда катта ўсишга эришган бельгия овчаркаси зотидан ҳам бор экан. Ҳар икки турдаги итлар билан тизимли равишда машғулотлар ўтказиб борилади. Машғулотлар майдончасида итлар турли тўсиқлардан қандай ўтишини кузатдик.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Тўғриси, мен хизмат итларини бу даражада ақлли ва қобилиятли бўлишини тасаввур қилмаган эдим. Кинологлар хизмат итлари билан турли машқларни бажариб беришди: багаж, сумкаларни ичидан портловчи модда, қурол-яроғ топиш машқида итлар яширилган қурол-яроғни оз фурсатда аниқлаб белги беришди.

Ит буюмни аниқлаган тақдирда унга ўйинқароқлиги бўйича ўзининг ўйинчоғи ёки ширинлик бериб рағбатлантирилади.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Гумондор шахсни аниқлаш амалиёти ҳам қизиқ кечди. Шу ерда гумондор ролини ўйнаётган йигитнинг кийими ечиб олиниб, хизмат итига ҳидлатилди ва Шварц лақабли ит оз сонияларда кўпгина гумондорлар орасидан айнан шу шахсни аниқлаб берди.

Фото: Kun.uz

“Ўтган ойда Ёрбоши маҳалласига бир жиноятни очиш учун ёрдамга бордик. Темир сейф ичидан пуллар ва қимматбаҳо нарсалар йўқолган эди. Воқеа жойида жиноятчидан ашёвий далиллар – тиббиёт маскаси ва қўлқопи қолиб кетган экан.

Хизмат итимиз одам танлаш йўли орқали жиноятчини топди. Тергов жараёнида ҳақиқатдан ҳам ўша одам жиноятчи бўлгани аниқланди ва ўша шахс хонадон эгасининг жияни бўлиб чиқди”, – дейди кичик инструктор-кинолог Азизбек Қосимов.

Фото: Kun.uz

Марихуана ҳиди сингдирилган пахталар яширинган сумкани топиш машқида ҳам хизмат ити бир дақиқага бормай ўша гиёҳванд модда ичида бўлган сумкани топиб берди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“2016 йилдан бери Вика лақабли хизмат итим билан фаолият юритиб келмоқдаман. Жуда кўплаб жиноятларни очилишида ўз ҳиссамизни қўшганмиз. Яқинда Улуғнор туманида қорамол ўғирлангани жинояти бўйича тезкор тергов гуруҳи билан биргаликда бориб воқеа жойидан итим изига қўйилгач, чамаси 600 метр из олиб юрди ва катта йўлга чиққач из олишни тўхтатди.

Фото: Kun.uz

Шу ерда қорамол машинага юклангани маълум бўлди. Шундан сўнг ўша ерда тўхтаган автомашина топилиб жиноят очилди”, – дейди кинолог Оманали Жуманалиев.

Мутахассислар хизмат итларининг ўзига ҳос руҳияти борлиги ҳақида тўхталишди. Итлар қўпол муносабатни кўтармас экан. Руҳияти синган хизмат итининг самарадорлиги камайиб кетади. Шунинг учун осойишталик посбонлари хизмат итларига алоҳида эътибор билан яқин дўстдек меҳр билан муомала қилишади.

Фото: Kun.uz

Элмурод Эрматов, Азизбек Исмоилов

Top