15:27 / 29.10.2021
41093

Афғон муаммоси, минтақавий ҳамкорлик ва янги “совуқ уруш” аломатлари. Абдулазиз Комилов Россия телеканалига интервю берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Россия 24” телеканалига интервю берди. Унда “Толибон” ҳаракати билан муносабатлар ва умуман афғон муаммоси, минтақавий ҳамкорлик ҳақида сўз борди. Ташқи ишлар вазири дунёда янги “совуқ уруш” аломатларини кузатаётганини билдирар экан, йирик давлатлар ўртасида рақобат кескин тус олаётганини таъкидлади. Қуйида интервюдан асосий тезислар билан танишишингиз мумкин.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Россия ва Ўзбекистон муносабатларидаги долзарб мавзулар ҳақида

Россия Федерацияси билан ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларига эътибор қаратишни истардим.

Биринчидан, бугунги кунда ҳамкорликнинг сиёсат, иқтисодиёт, маданий-гуманитар алоқалар, технологиялар, таълим ва тиббиёт сингари кенг қамровли кун тартиби шаклланган.

Иккинчидан, икки мамлакат етакчилари ўртасида ўзаро ишончнинг энг юқори даражасига эришилди. Бизнинг муносабатларимиз яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат қоидаларига асосланган.

Қайд этишни истардимки, томонлар сўнгги йилларда маданий-гуманитар алоқаларга катта эътибор қаратмоқда. Бу эса бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожига ҳам ижобий таъсир қилмоқда. Ўзбекистонда Россиянинг 15та етакчи олий ўқув юртлари филиаллари фаолият юритяпти, рус тилини ўрганиш марказлари ташкил этилмоқда, маданий марказларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда.

Бундан ташқари, бизнинг муносабатиларимиз миллий ва минтақавий хавфсизлик муаммолари билан боғлиқ бўлган муҳим стратегик йўналишга ҳам эга. Бир сўз билан айтганда, алоқаларимиз бутунлай янги босқичга чиқди. Амалий жиҳатдан бизларнинг стратегик ҳамкорлигимиз ва иттифоқдошлигимиз аниқ таркиб билан тўлмоқда.

Афғон муаммосининг айрим жиҳатлари ҳақида

Аслида, Ўзбекистон ва Россиянинг афғон муаммоси борасидаги қарашлари бир-бирига мос тушади. Бу эса, афғон масаласидек ўткир муаммо бўйича қўшма ҳаракатларимизга ишончли асос яратади.

Эътибор бериш керак, Афғонистон муаммоси бўйича Москва форматида ҳал этилиши лозим бўлган асосий муаммолар хотиржам ҳолатда, бир-бирини айбламаган ҳолда санаб ўтилди. Асосий хулоса шу бўлдики, толиблар билан ишлаш керак.

“Толибон” билан муносабатлар ҳақида

Афғонистон билан муносабатларимизга тўхталадиган бўлсак, биз “Толибон” ҳаракати билан 90-йиллардаёқ алоқа ўрнатганмиз. 1999 йили Ўзбекистонда, ҳозирда Афғонистон ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий раҳбарлигидаги делегация иштирокида анжуман ташкил этганмиз.

Сергей Лавров Москва форматидаги кенгашда “бу бор ҳолат ва буни рад этиб бўлмаслиги” ҳақида фикр билдирди. Шунинг учун ҳам ушбу йўналишда биргаликда ишлаш керак. Бошқа муқобили йўқ.

Бевосита алоқага эга бўлиш, таъсир ўтказишга уриниш, қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш бир масала бўлса, бошқа қитъада бўлиб, инклюзив ҳукумат ташкил этишни талаб қилиш бошқа масаладир. Булар турли нарсалар.

Афғонлар ва мусулмон дунёсидаги ҳамкорларимиз билан мулоқотларимиз тажрибасидан келиб чиқиб айта оламанки, Шарқда кўплаб муҳим масалалар ечими ўзига хос жиҳатларга эга, шу боис муаммоларни ҳал қилишнинг мавжуд стандарт ечимлари ҳар доим ҳам самарали бўлавермайди. Шунинг учун ҳам биз (афғон ҳамкорларимиз билан) доимий алоқаларга эга бўлишга ҳаракат қилдик.

“Толибон” делегацияси билан Термиз учрашуви ҳақида

Шу кунларда Термизга жаноб Ҳанафий раҳбарлигидаги делегацияни таклиф этдик. Афғон муваққат ҳукуматининг деярли барча аъзоси ушбу музокараларда қатнашди. Унда нафақат ҳокимиятнинг вертикали бўйлаб, балки амалда чегарадаги хавфсизлик, иқтисодий алоқалар, савдо, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, таълим каби ҳар бир жабҳадаги вазирлик ва идоралар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириши учун ҳокимият горизонтали даражасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Мамлакатимизда афғон талабалари таҳсил олади ва улар таълимни давом эттиради.

Янги ҳукуматнинг айрим қадамларини қўллаб-қувватламоқдамиз

Бир сўз билан айтганда, (Афғонистон) янги ҳукумати ҳақиқатан ҳам минтақавий ва жаҳон ҳамжамиятига интеграция бўлишни истайди. Улар айрим ижобий қадамларни ташлашга тайёр. Табиийки, 40 йиллик уруш ва турли ғоялар мавжудлигидан сўнг, ўзгаришлар қийинчилик билан амалга ошади. Шунга қарамай, улар биз қўллаб-қувватлаётган, рағбатлантираётган айрим қадамларни ташламоқда ва биз шу йўналишда улар билан ишлашда давом этамиз.

Афғонистон жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўла олади

Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятига сафаримиздан кейин келаси кундан қизлар мактабларга бора бошлади. Бундан бошқа вилоятлар ҳам ўрнак ола бошлади. Толиблар ваъда беришича, аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашда давом этади. Яъни аста-секинлик билан барчаси ўзгармоқда. Албатта, Афғонистоннинг ўзига хос жиҳатлари бор. У ўз анъаналари, дини ва қадриятларига эга бўлган мусулмон давлати. Шу билан бирга, фикримизча, Афғонистон минтақавий ҳамкорлик ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўлишга арзийди ва бўла олади. Бунинг учун улар билан ишлаш керак.

Кўп қиррали ташқи сиёсат ҳақида

“Кўп қиррали” деганда қандайдир салбий ёки рад этувчи маънони тушуниш керак эмас. Ҳар қандай давлат кўп қиррали сиёсат юритишни истайди. Баъзилар бунинг уддасидан чиқа олиши, бошқалар турли сабаблар туфайли буни уддалай олмаслиги бошқа масала.

Бугунги кунда кўп қутбли дунё шаклланмоқда. Шундай дунёда яшаб, бир томонлама сиёсатга таянилса, бундай сиёсат етарлича самарали бўлмайди ва ҳатто аксилсамарали бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, бундай ташқи сиёсат ўзига яраша хатарларни ҳам келтириб чиқариши эҳтимол.

Йирик давлатлар рақобати давом этмоқда

Йирик давлатлар рақобати хусусида гапирадиган бўлсак, ҳаётий баҳоласак, рақобат давом этмоқда. Бу ҳатто, ташқи томондан ўзаро яқин давлатлар ўртасида ҳам кузатиляпти. Шунинг баробарида бу рақобат минтақада ҳам бўляпти. Бундай вазиятда биз нима қиламиз, деган савол пайдо бўлади. Биз ҳозир қандай сиёсат юритаётган бўлсак, шундай давом этамиз.

Янги “совуқ уруш” аломатлари кўзга ташланмоқда

Янги “совуқ уруш”нинг илк аломатлари кузатилаётган бир вақтда ўзаро рақобат авж олмоқда. Бу эса, айни жараён оқибатларини чуқурлаштиради, чунки “дунёдаги вазият янада қалтис тус ола бошлайди. Бундай рақобат ва мусобақа биз учун қандайдир ўзимиз истамаган сиёсий оқибатларга олиб келишини истамаган бўлардик. Қайсидир томон сабабли иккинчи томон қабул қила олмайдиган ўрин эгаллашимизга мажбур қиладиган ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди. Осон бўлмаган бу вазифа жиддий дипломатик амалиётни талаб қилади.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг бу борада тажриба бор, боиси Марказий Осиё ўзининг геостратегик жойлашуви билан ҳар доим диққат марказида бўлиб келган. Албатта, ҳеч ким қандайдир оқибатлар бўлишини истамайди.

Афғон муаммоси “совуқ уруш” оқибатидир

Агар афғон муаммосининг илк сабабларига қайтадиган бўлсак, бу муаммо икки сиёсий тузумнинг “совуқ уруш” давридаги қаттиқ қарама-қаршилиги оқибатидир. Кейинчалик, воқеалар бошқача ривожланди.

Шунинг учун биз ҳозирги тутган позициямизни давом эттирамиз. Бу борада аниқ қарашларимиз ва дастуримиз бор. Биз ким биландир зиддиятга киришишни истамаймиз ва ўзимизнинг миллий манфаатларимиздан келиб чиқамиз.

Минтақавий ҳамкорлик ҳақида

Сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда икки томонлама масалаларни ҳал этиш борасида, ҳатто энг қалтис соҳаларда тўпланиб қолган мавзуларда ҳам улкан ишлар қилинди. Марказий Осиё бирдамлиги ва ўзаро яқинлашиш жараёнларини мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, икки томонлама муаммоларни ҳал этган ҳолда умумминтақавий масалаларни ҳал этишга ўтиш зарур.

Минтақада давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув захираларидан рационал фойдаланиш, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа кўплаб йўналишларда катта ишлар амалга оширилди. Ўзаро ишонч ва илиқ муҳит минтақавий хавфсизлик масалаларини хотиржам муҳокама қилиш имконини бермоқда.

Истиқболга тўхталадиган бўлсак, очиқ айтиш керак: биз кўп нарсани ҳал қилдик, аммо қиладиган ишларимиз кўп. Аммо, бутунлай бошқача сиёсий муҳит вужудга келгани сабабли уларни ҳал этиш осон бўлади. Мураккаб муаммоларга барҳам бериш борасида эса, етарли тажрибага эгамиз. 

Top