18:07 / 29.10.2021
10802

Ўрмонлар чиқиндилардан ҳимоя қилмайдими? Қўриқхоналар нега CO2 ютмасдан, аксинча уни чиқармоқда?

ЮНЕСКОнинг 257та ўрмон қўриқхоналаридан ўнтаси сўнгги 10 йил ичида заҳарли карбонат ангидрид гази чиқарувчи манбага айланди.

ANDREAS BRINK

Бунга ўрмон ёнғинлари айбдор. Ёнғинлар углероднинг атмосферага тарқалишига олиб келади, бу эса исиш ва янги ёнғинларни келтириб чиқаради. ЮНЕСКО қўриқхоналари тармоғининг атмосфера ифлосланишига қарши курашишдаги самарадорлиги тўғрисида илк бор батафсил маълумот олинди.

«Илгари умумий майдони Германия ҳудудидан икки баробар кўпроқ бўлган ушбу ўрмонлар ютадиган карбонат ангидрид гази миқдорини фақат тахмин қилиш мумкин эди», дейилади ЮНЕСКОнинг янги ҳисоботида.

Ҳужжатда келтирилган 10та қўриқхона орасида Россияга тегишлиси ҳам мавжуд. Аниқроғи рус-мўғул қўриқхонаси. Бу «Убсунурская котловина» давлат қўриқхонаси бўлиб, Россияга тегишли қисми Тува республикаси ҳудудида жойлашган.

Тадқиқотчилар айрим тасалли берувчи маълумотларга ҳам эга – ЮНЕСКО захиралари карбонат ангидридни самарали ўзлаштиради. Сўнгги 20 йил ичида ушбу 69 миллион гектар ўрмон йилига 190 миллион тонна карбонат ангидрид газини ютган.

«Бу Британияда қазиб олинадиган ёнилғини ёқишдан чиқадиган чиқиндининг деярли ярми. Илгари иқлим ўзгаришига қарши курашда ўрмонларнинг ўрни ҳақида бизда батафсил маълумот мавжуд эмасди», дейди ҳисобот муаллифларидан бири Карвальо Ресенде.

Бироқ ўрмонлар учун таҳдидлар кўп. Ҳисоботда ноқонуний кесишдан тортиб, исиш сабабли янада кўпроқ содир бўлаётган ёнғинларгача бўлган хавф омиллари келтирилган.

Калифорния хиёбонидаги секвойя - Ер юзидаги энг кекса дарахтлардан бири ўрмон ёнғини қурбони бўлди
DAVID GELDHOF

Қўриқхоналар қанча углерод чиқаришини аниқлаш учун олимлар ердаги ўлчамлардан ташқари сунъий йўлдош маълумотларидан ҳам фойдаланишди. Тадқиқот натижасида 2001 йилдан 2020 йилгача чиқиндилар ва карбонат ангидрид газининг сақланиши динамикасини йиллар бўйича аниқлашга муваффақ бўлишди.

Маълум бўлишича, ўнта қўриқхона ушбу даврда чиқарганидан кўра кўпроқ углерод сақлаган. Гап турли қитъаларда жойлашган ҳукуматлар томонидан махсус қўриқланадиган ҳудудлар ҳақида бормоқда. «Шунга қарамай, улар жуда катта босим остида», дейди доктор Ресенде.

Канададаги Пимачёвин Аки қўриқхонаси / HIDEHIRO OTAKE

Қўриқхоналарга бўладиган таҳдидлар табиий ва техноген характерга эга.

Боши берк кўча

Ҳисобот муаллифлари кузатувларидан маълум бўлишича, 2010-йиллар ўрталаридан (тахминан 2015-2016 йиллардан бошлаб) қўриқхоналарда ўрмон ёнғинлари тез-тез содир бўла бошлади. Олимлар бу ҳодисани глобал исиш ва қурғоқчилик билан боғлашмоқда. Тадқиқотчилар 2016-2017-йилларда Сибирда ва 2019-2020-йилларда Тасманияда бўлган ёнғинларни мисол тариқасида келтиришган. Мазкур ёнғинлардан ҳар бири мамлакатнинг ўртача миқдордаги йиллик чиқиндилари даражасида карбонат ангидрид ажралишига сабаб бўлган.

Олимларнинг таъкидлашича, илгари ёнғинлар кам кузатилган тропик ҳудудларда ҳам ёнғинлар кўпаймоқда. Ёнғинлар ҳар доим ҳам табиий сабаблар туфали юзага келмаяпти.

«Масалан, ёнғин қўриқланадиган ҳудуд ташқарисида юзага келиб, кейин унинг ҳудудига ўтиши мумкин. Ўрмонларни ноқонуний кесиш, ферма қуриш учун тозалаш ва шунга ўхшаш фаолиятлар каби инсон омили ўрмонлар учун асосий таҳдид бўлиб қолмоқда», дейди доктор Ресенде.

Ёнғинлар атмосферага карбонат ангидрид чиқарилиши сабабчисига айланмоқда, бу эса исиш ва янги ёнғинларга олиб келади. «Бу боши берк кўча», - дейди Ресенде.

Кислород ўрнига кўпроқ карбонат ангидрид ажратувчи ЮНЕСКО қўриқхоналар: 

  • Суматрадаги Тропик ёмғир ўрмони, Индонезия
  • Рио-Платано қўриқхонаси, Ҳондурас
  • Йосемити миллий боғи, АҚШ
  • Уотертон-Глэсиер боғи, Канада ва АҚШ
  • Махонжва тоғи, ЖАР
  • Кинабалу боғи, Малайзия
  • «Убсунурская котловина» қўриқхонаси, Россия ва Мўғулистон
  • Катта каньон қўриқхонаси, АҚШ
  • Мовий тоғ, Австралия
  • Морн-Труа-Питон, Доминика.
Мавзу
Иқлим ўзгаришлари
Иқлим ўзгаришлари натижасида Ер юзининг турли нуқталарида экстремал об-ҳаво кузатилмоқда.
Барчаси
Top