21:47 / 30.10.2021
14639

Сўнгги уч йилда ОТМга ўқишга кириш имконини берувчи имтиёзлар сунъий равишда кўпайтириб юборилган – Бош прокуратура

2018 йилда 421, 2019 йилда 1213 ва 2020 йилда 2367 киши спортдаги ютуқлари учун имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Бош прокуратура ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, уч йил ичида имтиёздан фойдаланиб талаба бўлганлар салмоғи 5 бараварга ортган.

Бош прокуратура олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича белгиланган спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига олий таълим муассасаларига кириш имтиёзининг берилиши аҳволини ўрганган. Ўрганиш натижалари ҳақида бугун Туризм ва спорт вазирлигида ўтган йиғилишда маълумот берилган.

Йиғилишда ёш спортчиларни рағбатлантириш мақсадида мусобақалар ғолибларини давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш тизими жорий этилгани, ўтган уч йилда 4 минг нафар абитуриент бу имкониятдан фойдалангани таъкидланган. Бироқ прокуратура органлари томонидан олиб борилган ўрганишда мусобақаларни ўтказиш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ва уларга имтиёз бериш тизимида жиддий муаммолар борлиги аниқланган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларига иқтидорли спортчиларни тайёрлаш мақсадида ёш спортчиларга имтиёз бериш йўлга қўйилганига қарамай, кўп ҳолларда имтиёзлар “айрим ёшлар” учун ўқишга кириш воситасига айланиб қолган. Шу сабабли имтиёзлар сонини сунъий ошириш мақсадида олий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳуқуқини берувчи спорт мусобақаларининг сони ҳам кўпайтириб юборилган.

“Давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш ҳуқуқини берувчи олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича 2018 йилда 206 та мусобақа ўтказилган. Бироқ 2021 йилга келиб бу кўрсаткич нима учундир 296 тагача оширилган.

Спорт мусобақалари тақвим-режасига кўра 2018–2021 йилларда баскетбол, волейбол ва чим устида ҳоккей бўйича республика миқёсида 146 та мусобақа ўтказилиши керак бўлса-да, амалда икки баробар кўп, яъни 273 та чемпионат ташкил этилган. Натижада мазкур спорт турлари бўйича имтиёз асосида ўқишга тавсия этилганлар сони ҳам йилма-йил кўпайиб борган.

Табиийки, бу вазиятда ғолиб ва совриндорлар сони ортиб, ОТМга ўқишга киришда бериладиган имтиёзлар сони ҳам кўпайган. 2018 йилда 421, 2019 йилда 1213 ва 2020 йилда 2367 йигит-қиз спортда эришган ютуқлари учун давлат олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган. Сўнгги 3 йилда “имтиёз соҳиблари” сони 5 баробарга ортган”, дея Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ сўнгги уч йилда республика чемпионатларида совриндор бўлганлар учун ОТМга киришда белгиланган имтиёз бекор бўлиши айтилган, ана шундай имтиёзга эга кўп сонли спортчилар ҳамда уларнинг ота-оналари мурожаатларидан сўнг 2019–2021 йилларда Осиё ва республика чемпионатларида совриндор бўлган ва “Спорт фаолияти” ва “Жисмоний маданият” йўналишларига ҳужжат топширган ёш спортчилар истисно тариқасида умумий танловдан ташқари талабаликка қабул қилинадиган бўлганди.

Top