17:38 / 30.10.2021
13083

Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси: «Ҳатто бош вазир томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилмоқда»

Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедовнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 9 ойи давомида пойтахт судларида қуйидаги маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш бўйича ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:

1. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 443 та иш кўрилган. Шундан 406 таси қаноатлантирилган, 19 таси рад этилган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган, 8 таси иш юритишдан тугатилган;

2. Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 353 та иш кўрилган. Бундай арзномаларнинг 209 таси қаноатлантирилган, 78 таси рад этилган, 56 таси иш юритишдан тугатилган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган. ДСИ билан 2 марта ҚҚС масаласида учрашув ўтказилган;

3. Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 345 та иш кўрилган. Шундан 138 таси қаноатлантирилган, 148 таси рад этилган, 25 таси кўрмасдан қолдирилган, 34 таси иш юритишдан тугатилган (ер участкаларини олиб қўйиш, компенсация масалаларида);

4. Мажбурий ижро бюроси марказий ва ҳудудий идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 149 та иш кўрилган бўлиб, шундан 40 таси қаноатлантирилган, 61 таси рад этилган, 34 таси иш юритишдан тугатилган, 14 таси эса кўрмасдан қолдирилган;

5. Адлия органлари (интеллектуал мулк агентлиги, нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 65 та иш кўрилган. Шундан 36 таси қаноатлантирилган, 22 таси рад этилган, 4 иш юритишдан тугатилган, 3 таси кўрмасдан қолдирилган.

Улуғбек Алмамедовнинг қўшимча қилишича, ҳукумат қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар ҳам кўрилмоқда: «Бугунги кунда маъмурий судларда ҳаттоки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари юзасидан ҳам судлашиш учрамоқда. Ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар бевосита бош вазир томонидан чиқарилган у ёки бу қарорларни ҳам ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабларни қўймоқда. Ҳа, амалиётда бундай ишлар ҳам кўриб чиқилмоқда», дейди Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси.

Top