Жамият | 13:17 / 01.12.2020
24177
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари ва ёрдамчилари 8 млрд сўмни талон-торож қилгани маълум қилинди

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари ва ёрдамчилари давлатнинг 8 миллиард сўм миқдоридаги маблағини талон-торож қилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташевага асосланиб, Daryo нашри хабар бермоқда.

30 ноябр куни Олий судда бўлиб ўтган конференцияда агентлик директори ўринбосари давлат маблағларини талон-торож қилишда судьялар билан боғлиқ жиноят ишларига тўхталиб ўтган.

Жумладан, У.Тўхташева Тошкент шаҳар маъмурий судининг бир неча судялари ва уларнинг ёрдамчиларига оид жиноят иши бўйича маълумот берган.

«Суднинг бир неча судьялари ва уларнинг ёрдамчилари Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими ходимлари билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги юзасидан тузилган маъмурий ишларни кирим қилмасдан, тарафлар иштирокида кўриб чиқмасдан ва айрим маъмурий ишларни қасддан йўқотиб, 5 мингга яқин сохта қарор чиқарган», деган у.

Маълум қилинишича, ҳозирда Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари ва бошқа ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу иш доирасида тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид