14:41 / 01.11.2021
1458

Қорақалпоғистонда 36 нафар ходимнинг 70 млн 763 минг 764 сўм устама пуллари тўланмаяпти

Фото: Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги

Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ва Омбудсманнинг Қорақалпоғистон минтақавий вакили билан давлат органлари ва ташкилотларидаги ҳужжатлар ўрганилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги хабар берди.

Унда маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон ДСБ, Қорақалпоғистон Мактабгача таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон ССВ ва Қорақалпоғистон Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда уларнинг айрим туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жами 36 нафар “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юкланган ходимларга 70 млн 763 минг 764 сўм устама пуллари тўланмасдан тургани аниқланган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон бошқармаси, Кадастр палатаси Қорақалпоғистон бошқармаси, Қорақалпоғистон Статистика бошқармаси ва Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекциясининг Қорақалпоғистон бошқармалари томонидан тегишли ходимларга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш Фармонда белгиланган муддатдан 5-8 ой ўтиб амалга оширилгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Экоқўмитасида Фармонда белгиланган талаблар ўрганиш кунигача ижроси таъминланмагани, яъни тегишли ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юклатилмагани аниқланган.

Шунинг билан бир қаторда, Фармонда “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга юклаш назарда тутилган бўлса-да, Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги томонидан вазирликнинг тегишли буйруғига асосан “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими тренер-ўқитувчисига юклатилгани қайд этилган. Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 10 та тақдимнома киритилган.

Қўшимча қилинишича, амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларини бузган лавозимли шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Қорақалпоғистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг туман (шаҳар) марказларига жами 31 та маъмурий таклиф ҳамда тегишли судларга 65 млн 742 минг 452 сўмлик 34 та даъво аризалари юборилган.

Олдинроқ Омбудсман Қорақалпоғистонда фуқароликни расмийлаштиришда фуқаролардан 5 млн сўм ортиқча жарима ундирилганини аниқлаганди. Ўшанда 4 та туманда 281 мурожаатга жавоб хатлари юборилмаган эди.

Top