Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида “Ўзтемирйўл” АЖ балансида бўлган Хўжайли касалхонаси ССВга ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарнинг активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган. Бироқ касалхона ходимлари ва темирйўлчилар қарордан кескин норози эканини Kun.uzʼга маълум қилди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш учун таҳририят “Ўзтемирйўл” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, Хўжайли касалхонаси ихтисослиги бўлмагани учун Давлат бошқаруви органлари ва маҳалий ижро этувчи ҳокимият органларига кейинчалик самарали фойдаланиш учун давлат мулки сифатида 0 баланс қийматида оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул ўтказиладиган объектлар рўйхатига киритилган.

Шунингдек, шифохона номи Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш бирлашмасига қарашли Наркология илмий текшириш институтининг Тахиятош филиали номига ўзгаради.

Лекин темирйўлчилар бу касалхонада бепул даволаниб, тиббий кўриклардан ўтиб келаётганини айтишмоқда. Уларнинг билдиришича, Хўжайли касалхонасида фақат туманнинг ўзи эмас, Қораўзакдан бошлаб Шуманай туманигача бўлган ҳудудда яшаб ишлайдиган 2200га яқин темирйўлчи даволаниб келади.

“Бизга бу ер жуда қулай эди. Агар бу ер ёпилса Қўнғирот ёки Урганчдаги темирйўлчилар касалхонасига 100 километр йўл босиб боришимизга тўғри келади”, – дейди темирйўлчи Тўлқин Авезов.

Шу ўринда “Ўзтемирйўл” АЖнинг касалхонани ихтисослиги бўлмагани учун ёпиляпти деган важи ҳам унча ишончлига ўхшаб кўринмаяпти. Чунки Қорақалпоғистонда 1та эмас, 3та темирйўлчиларга хизмат кўрсатадиган шифохона бор. Агар ёпиладиган бўлса, улар ҳам ихтисослиги йўқлиги учун ёпилиши керак эмасми?

Маълумот учун, касалхона 1 кунда 150 қабулга мўлжалланган. 30 койкали стационари бор. Шунинг 20таси темирйўлчилар учун бепул ва қолган 10таси оддий аҳоли учун пулли хизмат кўрсатади.

Бу касалхонанинг наркодиспансерга айлантирилиши ҳақидаги гаплар шифохона ходимларини хавотирга соляпти.

Яқинда мажлис қилиб, касалхона ёпилса, ходимларни тумандаги поликлиникаларга тарқатиб юбориш, уларга иш топиб бериш ҳақида айтишди. Лекин биз бу гапга ишонмаймиз. Чунки бизда 120 ишчи ишлайди. Унинг ичида шифокорлар, ҳамширалар ва техник ходимлар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси ССВ таркибига ўтиб, вазирлик уларни ишга жойлаштиришга ваъда берди. Айтишларича, бизга Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманларидан иш топиб беришар экан. Бироқ у туманлардаги шифокор ходимларнинг ўзи иш йўқлигидан 0,25 фоизда ишлашади. Энди бизни қандай қилиб у ерга 1 ставкага олишлари мумкин. Биз ишсиз қолишимиз аниқ