Қорақалпоғистонда Темур Панаев асос солган корхонада 50 га яқин сут маҳсулотлари ва 20 дан ортиқ хилдаги пишлоқлар ишлаб чиқарилади. Европадан олиб келинган наслдор чорва моллари кунига 25 литргача, эчки ва қўйлар эса 4-5 литргача сут беради. Айни вақтда корхона Инновацион ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликда вакцина олган сигирлар сутидан коронавирусга қарши иммунли сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлади.
2016 йил Нукус шаҳрида сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Panaev farms” корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Ўз сулоланинг ёш вакили, корхона раҳбари Темур Панаев Италия ва Европанинг бошқа давлатларида бўлиб, чорвачилик ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ тажрибаларни ўрганиб қайтган. Бугунга келиб, корхонанинг Европадан олиб келинган қиммат сигирлар, қўй ва эчкиларга эга ўз фермаси ҳам бор. Корхона табиий сутдан ўнлаб маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

“Бу соҳага қизиқиб қолишимга дадам сабабчи бўлган. Мени Италияга олиб борганларида ҳар хил фирмаларни, сутни қайта ишловчи корхоналарни кўриб, ўшаларга ҳавас уйғонган. У ерда ҳурматли киши саналар экан фермерлар. Италияда пишлоқ ишлаб чиқарадиган корхонада бир ой оддий ишчи бўлиб ишлаганман, мақсад технологияни ўрганиш, иш билан танишиш эди. Эндиликда ўзимиз 20-25 хилдаги пишлоқ маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз. Биринчи бошлаган пайтимизда 3-4 хил маҳсулот ишлаб чиқарганмиз, ҳозир эса умумий 50 хилдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз.

2016 йилда ўзимиз фирма қурдик. 2017 йилда Германиядан 60 бош қорамол олиб келдик, шундан бошлаб кўпайтириб, ривожлантириб келяпмиз. 2018 йиллардан эчки ва қўйларга ҳам қизиқиб бошладик. Президентимиз Нукусдаги учрашувда дадамга шуни тавсия қилганди. Ҳозир халқ шунга ўрганган, эчкилар 4-5 литргача сут беради.
Германиядан олиб келган молларимизнинг ҳар бирини 2500 евродан олганмиз. Бориб ўзимиз танладик ва энг яхшиларини саралашга ҳаракат қилдик. Танлаш жуда қийин бўлмади, чунки у ерда молларнинг зоти, қайси сигирдан туғилгани — барчаси рақамлаштирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Олиб келган молларимиз 20-22 литр сут беради, лекин Германиянинг ўзида 30-35 литр сут беради. Чунки уларда озуқа базаси яхши, бизда эса анча муаммоли бу, ерларимиз шўрлаган, қурғоқчилик бўлади.




















